Миллий валютадаги банк кредитлари бўйича фоиз ставкалари апрелда нисбатан май ойида бироз ошган, июнда эса яна пасайган. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида келтирилган.
Май ойида имтиёзли кредитлар ҳам ҳисобга олинган ўртача номинал ставка 20% ни ташкил этди. Бу апрелга нисбатан 0,3 фоиз бандга юқори. Июн ойида эса ставка 19,8% гача пасайди.
Йиллик ҳисобда миллий валютадаги кредитларнинг ўртача ставкаси 0,6 фоиз бандга камайган.
Бир йилгача муддатли кредитлар май ойида 21,3% ставкада берилган. Июн ойида улар бироз арзонлашиб, 21,2% ни ташкил этди. Шу билан бирга, йиллик ҳисобда ушбу кредитлар ставкаси 0,1 фоиз бандга ошган.
Узоқ муддатли кредитлар бўйича ставка май ойида 19,6% гача ошган, июнда эса апрел ойидаги даражага — 19,3% га қайтган. Бир йил ичида бир йилдан ортиқ муддатли кредитлар ўртача 0,9 фоиз бандга арзонлашган.
Аҳоли учун кредитлар
Жисмоний шахслар кредитлари бўйича ўртача ставка ойига 0,1 фоиз банддан пасайиб, май ойида 20,3%, июнда эса 20,2% ни ташкил этди. Йиллик ҳисобда ставка 2,7 фоиз бандга камайган.
Қисқа муддатли кредитлар май ойида кескин арзонлашиб, 23,1% гача тушган, июнда эса 23,6% гача ошган. Бир йил ичида бундай кредитлар ставкаси 4,3 фоиз бандга пасайган.
Аҳолининг инфляцион кутилмалари 10,1% гача пасайган бўлса-да, кредитларнинг реал фоиз ставкаси 9,2−9,3% гача ошган. Бу 2025-йилга нисбатан 0,6 фоиз банд юқори. Жисмоний шахслар учун тижорий кредитларнинг ўртача ставкаси 21,4% ни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 1,9 фоиз бандга арзонлашган. Имтиёзли кредитлар эса арзонлашишда давом этиб, июн охирида 9,7% гача тушган.
Шу билан бирга, имтиёзли кредитларнинг қисқа муддатли тури май-июн ойларида 4,1% дан 6% гача қимматлашган, бироқ ўтган йилга нисбатан 1,5 фоиз банд арзонлигича қолган. Бир йилдан ортиқ муддатли имтиёзли кредитлар 9,8% ставкада таклиф этилмоқда.
Тижорий кредитлар бўйича реал фоиз ставкалари 10,3% гача ошиб, 2025-йил кузидан бери энг юқори даражага етди. Имтиёзли кредитларнинг реал ставкаси эса январдан бери илк бор манфий — 0,3% бўлди.
Бизнес учун кредитлар
Корпоратив секторда миллий валютадаги кредитларнинг ўртача ставкаси май ойида 19,8% гача ошиб, июнда 19,5% гача пасайди. Йиллик ҳисобда ставка 0,6 фоиз бандга юқори бўлди.
Бизнес учун қисқа муддатли кредитлар ставкаси 21,1−21,2% атрофида сақланиб қолди. Бир йилдан ортиқ муддатли кредитлар май ойида 19% гача қимматлашиб, июнда 18,6% гача пасайди.
Реал ставкалар май ойида 8,2% дан 9% гача ошиб, июн охирида 8,8% га тушди. Бир йил ичида улар 2,4 фоиз бандга ошган.
Тижорий шартларда бизнес кредитлари ўртача 21,8% ставкада берилмоқда. Бу икки ойда 0,8 фоиз бандга, ўтган йил июнига нисбатан эса 1 фоиз бандга пасайган. Уларнинг реал ставкаси май ойида рекорд даражадаги 11,4% га чиқиб, июнда 10,8 фоизгача тушган.
Қисқа муддатли тижорий кредитлар ставкаси июнда 21,3%, узоқ муддатлиларники эса 22,2% ни ташкил этди.
Бизнес учун имтиёзли кредитлар эса қимматлашишда давом этмоқда: ўртача ставка май ойида 9,8%, июнда 10,2% га етди. Бу йиллик ҳисобда 0,3 фоиз бандга юқори.
Бир йилгача муддатли имтиёзли кредитлар ставкаси май ойида 10,4% гача ошиб, июнда ўтган йил сентябридан бери энг паст даража — 7,7% гача тушди. Узоқ муддатли кредитларнинг ўртача ставкаси июнда 10,2% ни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 0,1 фоиз бандга паст.
Имтиёзли кредитларнинг реал ставкаси ярим йил якунида яна ижобий кўрсаткичга чиқиб, 0,2% ни ташкил этди. Икки ойда у 1,5 фоиз бандга, йиллик ҳисобда эса 1,8 фоиз бандга ошди.
Валютадаги кредитлар
Бизнесга хорижий валютада бериладиган кредитлар ставкаси май ойида 10,3% гача ошиб, июнда ҳам шу даражада сақланиб қолди. Йиллик ўсиш 0,4 фоиз бандни ташкил этди.
Бир йилгача муддатли кредитлар май ойидаги кичик ўсишдан сўнг июнда 9,3% гача арзонлашди. Бу ўтган йил ёзига нисбатан 0,4 фоиз бандга паст. Узоқ муддатли валюта кредитлари эса қимматлашишда давом этиб, май ойида 10,7%, июнда 10,9% ни ташкил этди. Бир йил ичида уларнинг ставкаси 0,9 фоиз бандга ошди.


