Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ипотекага олинган уйда мулкдор ва унинг яқин қариндошларини рўйхатдан ўтказиш соддалаштирилиши мумкин

Ўзбекистонда ипотека кредити, гаров ёки тақиқ остидаги уй-жойларда мулкдор ва унинг яқин қариндошларини рўйхатдан ўтказишда банк, суд ёки МИБ розилигини талаб қилиш бекор қилиниши мумкин. Тегишли қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди.

Ўзбекистонда фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тартибини соддалаштириш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилинди.

Тегишли қонун лойиҳасига кўра, оила аъзолари ва яқин қариндошлари турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасини қўллаш билан боғлиқ чекловлар бекор қилинмоқда.

Қонунда эр-хотин, ота-она ва фарзандлар, бува-буви ва неваралар, шунингдек, ака-ука ва опа-сингиллар бир-бирининг уй-жойига рўйхатдан ўтаётганда хонадон майдони белгиланган меъёрдан кам бўлса ҳам, бу ҳолат рўйхатдан ўтишга тўсқинлик қилмаслиги назарда тутилмоқда.

Лойиҳада, шунингдек, талабалар турар жойларида истиқомат қилаётган талабаларни рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси қўлланилмаслиги ҳам белгиланмоқда.

“Бугунги кунда ипотека кредити ёки субсидия асосида уй сотиб олган кўплаб фуқаролар ўз уйида рўйхатдан ўтишда қийинчиликка дуч келмоқда. Бу эса уларга фарзандларини мактаб ёки боғчага жойлаштириш, поликлиникага бириктириш, пенция ва бошқа ижтимоий хизматлардан фойдаланишда муаммо туғдиряпти”, дейилади қуйи палата ахборотида.

Қонун лойиҳасига кўра, уй-жойга тақиқ қўйилган бўлса ҳам, мулкдор ва унинг яқин қариндошларини уй-жойга тақиқ ёки хатлов қўйилган турар-жойда рўйхатдан ўтказишда гаровга олиш, тақиқ қўйиш ёки бекор қилишга ваколатли органлар (банк, суд, МИБ)нинг розилиги талаб этилмайди.

Бундан ташқари, рўйхатдан ўтказилаётган шахснинг олдиндан ёзма розилиги институти жорий этилмоқда. Ушбу механизмга кўра, гаровга олувчи ёки тақиқ (хатлов) қўйган ваколатли органнинг мурожаатига асосан унинг рўйхатдан ўтказилганлиги бекор қилиниши мумкин бўлади.