Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларини тўхтатиб туриш тартиби ўзгаради

Сенат тадбиркорларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тартибини соддалаштирувчи қонунни маъқуллади.

Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида тадбиркорлар учун тартибга солиш юкини камайтиришга қаратилган қонун маъқулланди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Қонун билан Иқтисодий процессуал ва Солиқ кодексларига ўзгартиришлар киритилиб, тадбиркорларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб туриш тартиби аниқлаштирилмоқда.

Унга кўра, солиқ тўловчи солиқ органининг қарорига эътироз билдирмаса, унинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш солиқ органининг қарори асосида амалга оширилади. Агар тадбиркор қарорга эътироз билдирса, масала суд томонидан кўриб чиқилади.

Шунингдек, солиқ органининг судга мурожаат қилиш тартиби белгиланиб, аризага қонун бузилганини, солиқ тўловчига тегишли хабарнома юборилганини ва унинг эътирозини тасдиқловчи далилларни илова қилиш талаби киритилмоқда.

Ҳуқуқбузарлик бартараф этилганда ёки суд банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришни рад этганда, қўйилган чекловларни тезкор бекор қилиш механизми ҳам мустаҳкамланмоқда.

Сенаторлар мазкур ўзгаришлар тадбиркорларнинг вақт ва маблағ сарфини камайтириши, судлар юкламасини енгиллаштириши ҳамда бизнеснинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтиришини таъкидлади.