Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Инфлюенсерларни рекламадан тушган даромадлар учун солиққа тортиш таклиф этилди

Онлайн-платформа ва сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Лойиҳа билан фойдаланувчилар, блогерлар, инфлюенсерлар ва сайтлар эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан онлайн-платформа ва сайтлар фойдаланувчиларининг ҳуқуқларини ҳимоялашга қаратилган қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳа билан фойдаланувчилар, блогерлар, инфлюенсерлар ва сайтлар эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Хусусан, улар Ўзбекистон қонунчилиги ва онлайн платформалардан фойдаланиш қоидаларига мувофиқ ўз ижодий, тижорат ва бошқа фаолиятидан даромад олиш ҳуқуқига эга.

Бунда инфлюенсерлар ва сайт эгалари онлайн ресурслар (сайтда, аккаунтда ёки оммавий ҳамжамиятда) жойлаштириладиган реклама ёки бошқа даромад келтирувчи фаолиятдан олинган даромадлардан солиқларни ўз вақтида тўлашлари лозим.

Шунингдек, уларнинг мажбуриятлари қаторига қуйидагилар киради:

  • тарқатилаётган контентнинг тўғрилигини текшириш;
  • аккаунт, сайтлар ва ҳамжамиятларда ноқонуний контент жойлаштирилишининг олдини олиш;
  • шарҳларни мониторинг қилиш, ноқонуний контентларни аниқлаш ва ўчириш — агар ресурсда шарҳ қолдириш имконияти мавжуд бўлса;
  • ёлғон ахборотни (фейкларни) ўчириш ёки фейклар мавжуд бўлган контентларда махсус белги қўйиш;
  • агар ёлғон маълумотлар бошқа шахсларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказса, раддия эълон қилиш;
  • қайта алоқа учун контакт маълумотларини очиқ жойлаштириш.

Агар инфлюенсер талабларни бузса, АОКА унга қоидабузарликларни бартараф этиш талаби билан кўрсатма юборади. Бу талаб 10 кун ичида бажарилиши керак, акс ҳолда агентлик онлайн платформа мулкдори ёки унинг вакилига қоидабузарнинг аккаунтини 6 ойгача муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги тақдимнома юбориши мумкин.

Жисмоний ва юридик шахсларга мурожаат қилиш ва қайта алоқа ўрнатиш маълумотларини эълон қилмаган инфлюэнсер ва веб-сайт эгасига ўз аккаунти ва ҳамжамиятларида реклама жойлаштириш тақиқланади.

Юридик шахс бўлган тақдирда, белгиланган талабларни бажариш мажбурияти сайтлар, аккаунтлар ва ҳамжамиятларни юритишга масъул ходимга ёки ташкилотнинг мансабдор шахсига юклатилади.

Бундан ташқари, «Реклама тўғрисида»ги қонунга ўзгартиришлар киритиш таклиф этилмоқда. Унга кўра, онлайн платформаларда реклама, шу жумладан, таргетланган реклама тўғрисидаги маълумотлар охирги марта жойлаштирилганидан кейин бир йил давомида хавфсиз сақлов жойида сақланиши керак.