Ҳозирда 86 ёшли бизнесмен Ивон Шуинар 2022 йилда Америка (ва ҳатто жаҳон) хайриячилик мезонларига кўра ноёб битимни амалга оширган эди: у оила аъзолари билан биргаликда уч миллиард доллар қийматидаги бизнесидан ихтиёрий равишда воз кечган — ярим аср олдин ўзи асос солган Patagonia компаниясидан. Ҳар йили тахминан бир миллиард доллар сотувга эга бўлган бу бренд эндиликда бор даромадини — йилига 100 миллион доллар атрофидаги маблағни — иқлим муаммоларини ҳал қилишга йўналтирмоқда. Шуинар оиласи эса фақатгина пулларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилади.
Шуинар оиласи Patagonia акцияларининг 100 фоизини траст ва ННТга ўтказди. Бу иқлим инқирозига қарши кураш учун йилига 100 миллион доллар йўналтириш имконини беради.
2022 йил 14 сентябрь куни The New York Times газетаси Patagonia бренди асосчиси Ивон Шуинар ва унинг оиласи ўз бизнесига эгалик қилиш ҳуқуқидан воз кечиб, уни иқлим ўзгаришига қарши курашувчи нодавлат ташкилотлар (ННТ) фойдасига топширганини маълум қилади.
Бу — замонавий хайриячилик дунёси учун ўзига хос ноёб битимдир. Шуинар биринчи бўлиб бундай йирик бизнесдан фойда олиш ҳуқуқидан тўлиқ воз кечган инсон ҳисобланади. Patagonia’нинг тахминий қиймати уч миллиард доллар, компания ҳар йили 1 миллиард доллар даромад ва 100 миллион доллар тоза фойда олади. Эндиликда бу маблағнинг барчаси иқлим муаммолари ва табиатни ҳимоя қилишга сарфланмоқда.
Компаниянинг янги мулкчилик тузилмаси қуйидагича:
- 2 фоиз овоз бериш ҳуқуқига эга акциялар — махсус ташкил этилган Patagonia Purpose Trust трастига тегишли;
- 98 фоиз акциялар — ҳамда молиявий маблағларни бошқарувчи Holdfast Collective номли янги ННТга тегишли.
Траст қарорларини Шуинар оиласи ва уларнинг ишончли маслаҳатчилари тасдиқлайди. Уларнинг вазифаси — Patagonia’ни ижтимоий масъулиятли бизнес сифатида сақлаш ва фойдани иқлим муаммоларини ҳал қилишга йўналтириш. Шуинар компаниянинг директорлар кенгашида ўз ўрнини сақлаб қолади.
Бу битимни расмийлаштириш учун Шуинар оиласи нафақат келажакдаги миллионлаб даромадлардан воз кечган, балки траст учун 17,5 миллион доллар солиқ ҳам тўлашга мажбур бўлганди. Шу билан бирга, компания шунчаки сотилганида, 700 миллион долларгача солиқ тўлашга тўғри келарди.
Шуинар битим ҳақида Patagonia расмий сайтида очиқ хат эълон қилган. У «Энди Ер – бизнинг ягона акциядоримиз» деб номланган. Унда у ўз бизнесидан воз кечишнинг турли вариантларини ўрганганини, аммо ҳеч қайси вариант мақбул эмаслиги сабабли, бутунлай янги йўл яратишга мажбур бўлганини таъкидлаганди.
Шуинар қарийб ярим аср давомида оилавий бизнесини ривожлантириб, Patagonia’ни экологияга эътиборли энг илғор брендлардан бирига айлантирган. Ўзи эса камтарона ҳаёт тарзини сақлаб қолган.
Шуинарнинг бизнеси унинг алпинизмга бўлган ҳавасидан бошланган. 1960-йилларда у Калифорниядаги Йосемити миллий боғида тошга чиқиш билан шуғулланган ва 5 центлик муддати ўтган консервалар билан овқатланган. Шу билан бирга, ўзи ва дўстлари учун алпинистик жиҳозлар ясашни бошлаган.
1973 йилда бу ҳобби Шуинарни Patagonia’ни асос солишга олиб келади. Калифорниянинг Вентура шаҳрида ташкил этилган оилавий бизнесда унинг хотини Малинда ҳам иштирок этган. Вақт ўтиши билан бренднинг маҳсулотлари кенгайиб борган: эндиликда Patagonia нафақат алпинистлар учун жиҳоз, балки фаол ҳаёт тарзига ишқибозлар учун кийим ва аксессуарлар ҳам ишлаб чиқаради.
Шуинар экологияга доимо катта аҳамият берган. Patagonia анча йиллардан бери йиллик даромадининг 1 фоизини иқлим ўзгаришига қарши кураш учун сарфлаб келади, барча маҳсулотларини экологик ёки қайта ишланган хомашёдан ишлаб чиқаради ва ўз миссияси «сайёрани сақлаб қолиш учун бизнеси» эканини таъкидлаб келади.
Forbes журнали Шуинарнинг бойлигини 1,2 миллиард доллар деб баҳолаган бўлса-да, у миллиардерга умуман ўхшамайдиган ҳаёт кечиради. Шуинар компьютер ёки смартфон ишлатмайди, бир хил кийимни узоқ вақт кийишни яхши кўради, эски моделдаги Subaru’да ҳаракатланади ва жуда камтарона уйларда яшайди – улар ҳеч қандай тарзда бизнесининг миқёсига мос эмас.


