Марказий банк ижтимоий тармоқларда банклардаги омонат ҳисобварақларидан пул маблағларини ечишда истеъмолчидан маблағ манбаси сўралаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, амалдаги қонунчиликка асосан жисмоний шахслар ўзларига тегишли омонат ҳисобварақларидан маблағларини ечишда унинг келиб чиқиш манбаси тўғрисида маълумот талаб қилинмайди.
Шунингдек, Марказий банк молиявий хизматлар кўрсатилишига доир юзага келаётган муаммо ва камчиликларни аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатлари ҳамда бошқа манбалар орқали доимий равишда ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини кўриб боради.
Регулятор фуқаролардан омонат ҳисобварағидаги пулларини ечишда улардан маблағларнинг келиб чиқиш манбаси тўғрисида маълумот талаб қилинса, Марказий банкнинг Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизматига мурожаат қилишни сўради.
Мазкур масаладаги мурожаатлар 71 212 60 94, 71 212 73 62 рақамлари орқали қабул қилинади.
Шу билан бирга, банклар, микромолия ва тўлов ташкилотлари фаолиятида хизматлар кўрсатилишига оид истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилаётгани юзасидан мурожаат ва таклифларни Марказий банкнинг info@cbu.uz электрон манзилига юбориш мумкин.


