Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Доналд Трамп қандай қилиб миллиардлаб даромад топган?

АҚШ президенти Доналд Трамп ўз бойлиги ҳақида гапиришни яхши кўради. «Мен жуда бойман. Мен ҳар доим пул ишлашни билганман», — дейди кўпинча у. Трамп ўз бойлигини 10 млрд доллардан ортиқ деб баҳолайди, аммо бу рақам мутахассислар томонидан шубҳа остига олинган. Аслида, унинг аниқ қанча пули борлиги номаълум.

Молиявий ҳолатини ўрганган ташкилотлар турли хулосаларга келишган. Forbes журнали унинг бойлигини 4,5 миллиард доллар, Wealth-X компанияси 4,4 миллиард доллар, Bloomberg миллиардерлар индекси эса 2,9 миллиард доллар деб баҳолаган. Трамп эса бу баҳоларни рад этиб, ўзининг анча бой эканини таъкидлаган.

Бундай катта тафовутнинг асосий сабаби шундаки, унинг аксарият компаниялари хусусий бўлиб, очиқ акциядорлик жамияти ҳисобланмайди.

Отасидан қолган мерос

Трамп 2020 йил октябрь ойида сайловчиларига отаси ундан бизнес бошлаш учун «кичик ёрдам» сифатида 1 миллион доллар қолдирганини айтган. Аммо у нафақат пул, балки отасининг бизнес юритиш услубини ҳам мерос қилиб олган.

Фред Трамп Нью-Йоркнинг Бруклин ва Квинс ҳудудлари кўчмас мулк бизнеси билан шуғулланган ҳамда унинг бизнеси ҳам миллион долларга баҳоланган. У тежаш орқали даромад қилиш билан машҳур бўлган.

Доналд Трамп отасининг бизнес усулларидан ўрганиб, Нью-Йоркнинг чекка ҳудудларида арзон уйлар қуришдан Манхеттеннинг қимматбаҳо осмонўпар биноларини қуришга ўтганини таъкидлайди. Бироқ, баъзи экспертлар бу қарорни ҳам отаси қабул қилган деб ҳисоблашади.

Трамп отасининг ресурсларига таяниб, кредит олиш ва сиёсий алоқалар яратишда унинг ёрдамидан фойдаланган.

Кўчмас мулк бизнеси

Трампнинг илк йирик лойиҳаси 1976 йилда Hyatt Organization билан ҳамкорликда Commodore меҳмонхонасини сотиб олиш бўлади. Меҳмонхона қарзга ботган ва Манхеттен сайёҳлар учун жозибали жой ҳисобланмаган пайтда бу жуда катта таваккалчилик эди.

Бироқ Трамп Нью-Йорк расмийлари билан музокаралар олиб бориб, меҳмонхона учун 40 йил муддатга солиқ имтиёзлари олишга муваффақ бўлади. Бу унга 160 миллион доллар тежашга имкон беради. У 1996 йилда ўз улушини 142 миллион долларга сотади.

Трамп Нью-Йоркдаги бошқа кўчмас мулкларга ҳам катта сармоя киритади, жумладан, Plaza меҳмонхонаси ва Bank of Manhattan биносини сотиб олади.

Трампнинг энг қимматбаҳо активларидан бири 1983 йилда қурилган, 58 қаватли Trump Tower бўлиб, унинг юқори қаватларида ўзи яшайди ва Trump Organization штаб-квартираси жойлашган.

Бренд яратиш

Кўчмас мулк оламида йирик тадбиркор бўлишига қарамай, Трампнинг бойлигининг асосий қисми унинг брендининг қийматига боғлиқ.

У 1980 йилларда телевизорда тез-тез чиқиш қила бошлайди ва 1988 йилги Республика партияси праймеризида фаол қатнашган. Ўша йилларда Trump Organization унинг исмини лицензиялашни бошлайди ва Трампнинг машҳурлиги ошади.

Ҳозирда кўплаб компаниялар унинг номидан фойдаланган ҳолда лицензия тўловларини тўлайди. Шунингдек, у 1987 йилда «Битим тузиш санъати» номли китобини нашр этиб, машҳурлигини янада оширган.

Бизнес юритиш услуби

Доналд Трамп отаси каби пулни тежашга катта эътибор беради. У шартномалар бўйича тўловларни камайтириш ёки қайта кўриб чиқиш усулини қўллайди. Трамп Reuters агентлигига берган интервьюсида шартномаларнинг 10-15 фоизини қайта кўриб чиқишига тўғри келишини айтган.

Трампнинг бу услуби кўплаб суд жараёнларига сабаб бўлган. Жумладан, Трумп Университй билан боғлиқ суд ишларида баъзи собиқ ходимлари ҳам унга қарши даъво очган.

Корпоратив ҳуқуқдан фойдаланиш

Трамп тўрт марта ўз компанияларининг банкротлигини эълон қилиб, кредитларини камайтиришга муваффақ бўлган. Масалан, 1991 йилда Trump Taj Mahal казиноси 3 миллиард долларга яқин қарзга ботган. Трамп ўзининг 900 миллион долларлик шахсий қарзидан қутулиш учун улушининг ярмидан воз кечишга, шунингдек, авиакомпания ва яхтасини сотишга мажбур бўлган.

Трампнинг хориждаги лойиҳалари ҳам баҳсли. Масалан, у Хитойни фирибгар деб атаган бўлсада, Хитой инвесторларидан Нью-Йоркдаги лойиҳа учун маблағ жалб қилган.

Шунингдек, у Шотландияда гольф майдонларига эгалик қилади, бироқ у ердаги шамол электр станцияларини танқид қилган. Мексикадаги Bajo Mexico курорти билан боғлиқ муаммолар келиб чиққанида, Трамп шахсий жавобгарликни рад этган.

Трамп ўз номини кўплаб лойиҳалар ва маҳсулотларга боғлаб, муваффақият қозонган. Forbes уни «ота бизнесини йирик миллиард долларлик империяга айлантирган» тадбиркор деб баҳолайди.