Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Bitcoin-пицца куни. 10 минг биткоинга иккита пицца сотиб олган дастурчи воқеаси

15 йил олдин дастурчи Ласло Хейниц 10 000 БТC эвазига иккита пицца сотиб олади. Ўша пайтда ушбу сумма атиги 25 доллар бўлган, бугунги курс бўйича эса тахминан 975 миллион долларни ташкил қилади.

Мазкур воқеа тарихга кирган ва энди ҳар йили 22 май бутун дунёда «Bitcoin-пицца куни» сифатида нишонланмоқда.

2010 йил 18 май куни BitcoinTalk форумида дастурчи Ласло Хейниц 10 000 БТC эвазига унга иккита пицца олиб беришга тайёр одам излаётганини ёзади. Биринчи уринишда ҳеч ким жавоб бермайди, шунинг учун Ласло 21 май куни постни янгилайди. Эртаси куни эса талабаларидан бири – Жереми Стардивант унга Papa John’s пиццериясидан иккита қўзиқоринли пицца буюртма қилиб беради.

Стурдивант ҳам миллиардер бўлиб кетмайди: у биткоинларни қиз дўсти билан АҚШ бўйлаб саёҳат қилишга сарфлаган.

Бироқ, Хейниц ҳикоясида бу транзакциядан ҳам муҳимроқ жиҳатлар бор, чунки у фақат шу машҳур пицца хариди билан чекланмаган.

GPU майнинг асосчиси

Дастурчи Ласло Хейниц 2009 йил охирида биткоин билан танишган ва майнинг билан шуғулланишдан олдин Bitcoin Core’нинг МаcOS учун биринчи версияси устида ишлаган. 2010 йил май ойида у илк бор жамиятга GPU майнингни тақдим этган — унга тажриба сифатида қаралган.

Ўша пайтда биткоин фақат марказий процессорлар (CPU) ёрдамида «қазиб» олинарди. Ҳеч ким самаралироқ усуллар ҳақида ўйламаган эди.

Хейниц мониторларнинг ранг ва график ишлашини таъминлайдиган видеокарталар марказий процессордан анча самарали экани ва уларни биткоин қазиб олишда ишлатиш мумкинлигини тушуниб қолади. У кашф қилган усул натижасида хеш қуввати 10 баравар ошади.

Бироқ Bitcoin яратувчиси Сатоши Накамото бу кашфиётни илиқ қабул қилмайди. Хейниц GPU майнинг кодини Сатошига тақдим қилганида, Сатоши уни биткоин учун «ҳаддан ташқари илғор» деб ҳисоблайди.

Шундан сўнг, Хейниц бу ғояни илгари суришдан воз кечади. Аммо унинг ихтироси ривожланишда давом этган. Хейниц кодни очиқ форумда (BitcoinTalk) жойлаганидан сўнг, бошқа дастурчилар ундан фойдаланиб, Windows, Маc ва Linux учун ўз версияларини яратишади.

Кейинчалик, дастурчи ҳазил билан: «Яхшиси, очкўзлик қилиб, кодни яширин сақлашим керак эди», деб айтган.

Ниҳоят, Ласло бизга нафақат Bitcoin Core’нинг МаcOS версиясини ва GPU майнингни, балки пицца ҳақидаги кўплаб мемларни ҳам берди. Уларнинг аҳамияти Хейницнинг бошқа ютуқлари билан солиштирганда унчалик катта бўлмаса ҳам, ҳар йили 22 майни унутилмас кунга айлантириб берди.

Байрам — демак совғалар ва базм ҳам бўлади!

Bitcoin-пицца куни йилдан йилга бутун дунёда тобора оммалашиб бормоқда. Кўплаб одамлар ва компаниялар бу кунга бағишлаб байрам тадбирлари, танловлар ва онлайн ўйинлар ташкил этишяпти. Ҳаттоки пицца токенлари ва NFT’лар ҳам чиқарилмоқда.

Масалан, Papa John’s пиццерия тармоғи ушбу байрам муносабати билан 10 000 бўлак пиццани бепул тарқатган. NFT бозор майдончалари эса пицца кунига бағишланган санъат асарлари ва токенларни таклиф қилмоқда. Онлайн дўконларда ҳам байрамга оид кўплаб маҳсулотларни учратиш мумкин – масалан, пицца тасвирланган футболкалар ёки чиройли дизайндаги кружкалар.

Шунингдек, кўплаб крипто-платформалар танлов ва бонусларни эълон қилишади. Бу кунда энг машҳур совға – албатта, бепул пицца! Баъзи жойларда ҳатто бир ой давомида бепул пицца ейиш ҳуқуқини ютиб олиш мумкин. Бунинг учун қизиқарли саволларга жавоб бериш, янги мем яратиш ёки биткоин курсини 22 май бошидаги аниқ қийматига тахмин қилиш талаб этилади.

Танловларда фақат пицца севувчилар эмас, балки бутун дунё бўйлаб пицца усталари ҳам иштирок этади. 2021 йилда йирик крипто-биржалардан бири 20 нафар ғолибга жами 20 минг доллар, янги пицца пиширувчиларга эса 50 долларлик мукофот ажратган. Шартлардан бири «тўғри» биткоин-пицца тайёрлаш, яъни керакли ингредиентлардан фойдаланиш эди.

Bitcoin-пицца куни 2017 йилдан бери крипто-календарнинг доимий маданий ҳодисасига айланган ва тарихий блокчейн транзакцияларининг энг машҳурларидан бири сифатида эсга олинади.