Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Бизнес учун бюрократия қисқаради: 12 турдаги лицензия ва хабарнома бекор қилинмоқда

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг 12 турдаги лицензия, рухсат бериш ва хабарнома олиш талаби бекор бўлиши, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш бўйича аризаларни Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам тақдим этиш имкониятини яратиш белгиланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 13 февраль куни ўтказилган мажлисида лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектларининг 12 турдаги лицензия, рухсат бериш ва хабарнома олиш талаби бекор бўлиши, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан ўтиш бўйича аризаларни Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам тақдим этиш имкониятини яратиш белгиланмоқда.

Лойиҳа лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларини қисқартириш борасида олиб борилган ислоҳотларни ўзида акс эттириб, у билан амалдаги 3 та кодекс ва 5 та қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, 12 та лицензия, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомили бекор қилиниши, 4 та лицензия ва рухсатномани хабардор қилиш тартибига ўтказиш кўзда тутиляпти. 1 та хабарнома юбориш тартиб-таомили рухсат бериш тартибига, 2 та лицензия учун хулоса олиш бекор қилиниши назарда тутилмоқда. 3 та рухсат бериш тартиб-таомили «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга мувофиқлаштирилмоқда.

Божхона кодексидан эса божхона ташувчиларининг реестрига киритилиш учун зарур бўладиган ҳужжатлар чиқариб ташланмоқда. «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонуннинг айрим моддалари лицензиянинг фаолият турлари ўзаро бирлаштирилиши муносабати билан такомиллаштириляпти.

Бундан ташқари, жарима солиш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган жарима суммаси миқдорининг 50 фоизи 15 кун ичида, 70 фоизи 30 кун ичида ихтиёрий равишда тўланганда, лицензияни, рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш ёки хабарнома юбориш тўғрисидаги ариза билан ваколатли органга мурожаат қилинган тақдирда, жариманинг қолган сўммасини тўлашдан озод этилиши белгиланяпти.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бозорда тенг шароитлар ва рақобат муҳитини таъминлашга хизмат қилади. Чет эл юридик шахсларига лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларидан фойдаланиш йўлга қўйилади.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.