2024 йилда иқтисодий судлар томонидан биринчи инстанцияда 436 102 та иш кўриб чиқилиб, ҳал этилган. Шундан даъвогарлар фойдасига 27,5 триллион сўм ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган, деб хабар беради Олий суд.
Ўтган даврда энг кўп ишлар Тошкент шаҳар, Тошкент, Сурхондарё, Жиззах ва Фарғона вилоятлари иқтисодий судлари томонидан кўриб, ҳал этилган.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид 68 567 та иқтисодий иш кўриб чиқилган ҳамда улар фойдасига 6,7 триллион сўм миқдорида маблағ ундирилиши белгиланган.
Ҳисобот даврида иқтисодий судларда кўрилган ишларнинг асосий қисмини банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш, маҳсулот етказиб бериш, коммунал хизмат кўрсатиш, тўловга қобилиятсизликка оид ҳамда кредит шартномаларидан келиб чиқадиган низолар ташкил этган.
Апелляция тартибида 6 257 та иқтисодий иш кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 852 та қарор бекор қилиниб, 607 та суд қарори ўзгартирилган.
Кассация тартибида 2 250 та иқтисодий иш кўриб чиқилган. Биринчи инстанция судлари томонидан чиқарилган 390 та қарор бекор қилиниб, 253 та суд қарори ўзгартирилган.
Тафтиш тартибида 2 360 та иқтисодий иш кўриб чиқилган. Қуйи инстанция судлари томонидан чиқарилган 255 та қарор бекор қилиниб, 94 та суд қарори ўзгартирилган.
Олий суднинг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан тафтиш тартибида 426 та иш кўриб чиқилан. Қуйи судлар томонидан чиқарилган 136 та қарор бекор қилиниб, 30 та суд қарори ўзгартирилган.


