Урганч аеропорти учиш-қўниш йўлагида реконструкция ишлари олиб борилиши муносабати билан 20-июлдан 7-августга қадар ёпилади. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” хабар берди.
Маълум қилинишича, реконструкция вақтида олдиндан режалаштирилган барча рейслар Нукус аеропортига йўналтирилади. Йўловчиларга Нукус ва Урганч аеропортлари ўртасида бепул трансфер хизмати тақдим этилади ҳамда йўловчилар жўнаб кетиш ва учиб келишда автобуслар ёрдамида манзил аеропортига олиб борилади.
Бунда, масалан, Урганчдан Москвага ҲЙ-9615 рейси билан учаётган йўловчилар Урганч аеропортига соат 23:00 да етиб келиши лозим. Жадвалга кўра, автобуслар йўловчиларни Урганч аеропортидан соат 23:30 да олиб кетади. Соат 02:30 да йўловчилар Нукус аеропортига етказилади ва у ердан Москвага учади. Москвадан қайтган йўловчиларни Нукусдан Урганчга етказиш жараёни ҳам худди шундай ташкил этилади. Нукус аеропортида чегара назоратидан ўтиб, юкларни қабул қилиб олган йўловчиларни Урганчга йўл оладиган автобуслар кутиб туради.
Шу мақсадда ҳар бир йўналиш бўйича тўлиқ автобуслар қатнови жадвали тузиб чиқилган бўлиб, мазкур жадвал билан бу ерда танишиб чиқиш мумкин.


