Йўл қурилиш ва таъмирлаш соҳасидаги механизмларни яхшилашга қаратилган Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, йўл қурилиши ва таъмирлаш ишлари бўйича ҳуқуқбузарликларни аниқлашда ёрдам берган фуқаролар моддий рағбатлантирилиши белгилаб қўйилди.
Бунда, рухсатнома олмасдан йўл қурилиши ишларини амалга оширган ёки йўлнинг аввалги ҳолатини тиклаш бўйича мажбуриятини бажармаганларни аниқлашда фаол ёрдам берганларга ундирилган жариманинг 50 фоизи миқдорида мукофот пули берилади.
Ҳудудлар қиёфасини яхшилаш мақсадида тажриба тарзида 2024-йилнинг 1-сентябридан 2025-йилнинг 1-сентябригача жойларда ҳокимлар белгилаб берадиган муайян ҳудудда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади.
Хусусан, фуқаролар ва юридик шахсларнинг уларга тегишли бино ва иншоотга туташ ҳудудларни ободонлаштириш борасидаги масъулияти оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали ҳар бир маҳаллада маҳалла раислари томонидан тушунтириб борилади.
Кўп қаватли уйлар ҳовлиси ва унинг атрофи, йўл ҳамда кўча четларининг ободонлаштирилган намунавий кўриниши, шунингдек, йўл ва кўча четларидаги бўш ерларни кўкаламзорлаштириш бўйича дастур тасдиқланади.


