Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 11ноябр · Чоршанба
USD 11 974,02 ▼ −20,08 EUR 13 432,46 ▲ +12,26 RUB 144,58 ▼ −1,21 GBP 16 076,32 ▼ −11,37
Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистонда жамоат транспортидаги кунлик «план» бекор қилинади

Ўзбекистонда жамоат транспортида шу пайтгача бўлган кунлик тушум «плани»ни белгилаш амалиёти бекор қилинади. Шунингдек, аҳолига қулай йўл ҳақи тарифларини (йиллик, чораклик, ойлик, кунлик, соатлик) жорий қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда

Шавкат Мирзиёев ҳузурида Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида жамоат транспортининг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, давлат раҳбари бу соҳада муаммолар тўпланиб қолгани, уларни ҳал этиш учун транспорт бошқармалари ва автобус паркларида ҳозирги иш тизимини ўзгартириш зарурлигини қайд этган.

Фото: Президент матбуот хизмати

«Транспорт корхоналари кунлик ‘тушум плани’ни бажаришга боғланиб қолиб, куннинг ‘энг даромадли’ пайтида (эрталаб соат 8–10 да, кечқурун соат 17–19 да) ҳаракатланишга одатлангани танқид қилинди. Қолган вақтда йўловчилар узоқ кутиш ёки таксида юришга мажбур», дейилади хабарда.

Эндиликда маблағ автобуснинг юрган масофаси ва одамлар бу хизматдан розилигига қараб берилади.

Шунингдек, хизмат сифатига — автобусдаги қулайликлар ва санитар ҳолат, кеч қолмасдан бекатга етиб келишига қараб баҳо берадиган тизим бўлади. Бунда, ташувчи тадбиркор ҳар 1 километр учун 10 фоиз рентабеллик билан кафолатли тўловни олади.

Шу пайтгача бўлган кунлик тушум «плани»ни белгилаш амалиёти бекор қилинади.

Шунингдек, аҳолига қулай йўл ҳақи тарифларини (йиллик, чораклик, ойлик, кунлик, соатлик) жорий қилиш масаласи кўриб чиқилади.