Ferkensco Management Ltd компанияси эса ушбу собиқ Самарқанд суперфосфат корхонаси ўрнида фосфор минерал ўғитларини ишлаб чиқариш бўйича мажмуа қуриш инвестиция лойиҳасини амалга оширади. Бу ҳақда компания матбуот чизмати хабар берди.
Қайд этилишича, модернизациядан сўнг кимё мажмуаси тўлиқ қувват билан ишлаб, йилига 370 минг тоннагача моноаммоний фосфат ва 540 минг тоннагача турли навдаги NPK азот-фосфор-калий комплекс ўғитлари ишлаб чиқариши кутилмоқда.
Ferkensco Management Ltd замонавий корхона қуриш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича сармоявий мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Ҳозирги вақтда топографик, геологик тадқиқотлар ва гидрогеологик тадқиқотлар олиб борилиб, атроф-муҳитга таъсир қилиш тўғрисидаги баёнот бўйича ижобий хулоса олинди. Шу билан бирга, асосий лойиҳани ишлаб чиқишда халқаро компания жалб қилинган ва кейинчалик объектда қурилиш-монтаж ишлари бошланган.
Маълум қилинишича, мажмуа сульфат кислотаси, фосфор кислотаси, шунингдек, минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи энг янги авлод заводлари билан жиҳозланади.
«Энергия тежовчи технологиялардан фойдаланиш режаси ишлаб чиқилди, хусусан, сульфат кислота заводи ишлаб чиқарадиган буғдан фойдаланган ҳолда ўз электр энергиясини ишлаб чиқаришни таъминлайди. Яқин келажакда заводни модернизация қилиш нафақат ички бозорнинг фосфорли минерал ўғитларга бўлган талабини қондириш, балки тайёр маҳсулотларни бошқа мамлакатларга экспорт қилишни ҳам йўлга қўйиш имконини беради», дейилади компания хабарида.
Маълумот учун, суперфосфат заводи Самарқандда 1954 йили қурилган. Унинг биринчи цехи бундан 67 йил аввал фойдаланишга топширилган. Ўтган йиллар давомида нафақат жиҳозлар эскирган, балки завод бино ва иншоотлари ҳам яроқсиз ҳолга келган. Шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати стандартларга жавоб бермаган, уни чиқариш эса нотўғри шароитларда амалга оширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Майдонтол маиший чиқинди полигонларида ҳосил бўладиган чиқинди газини қайта ишлаш ҳисобига электр энергиясини ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши ҳақида хабар берилганди. Ушбу лойиҳа Кореянинг Sejin G&E компанияси иштирокида 55 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри инвестиция маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


