Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

«Чорвоқ» ТРЗ дирекциясининг Telegram-боти ёрдамида Бўстонлиқ чиқиндилардан тозаланмоқда

Бўстонлиқ туманидаги бир қатор экологик муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, фуқаролар фаоллигини ошириш мақсадида «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси томонидан ҳудуднинг рекреацион маданиятини оширишга ёрдам берувчи Telegram-бот ишга туширилган

Бўстонлиқ туманидаги бир қатор экологик муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, фуқаролар фаоллигини ошириш мақсадида «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси томонидан ҳудуднинг рекреацион маданиятини оширишга ёрдам берувчи Telegram-бот ишга туширилган.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, бот ёрдамида Бўстонлиқ тумани аҳолиси чиқинди уюмлари ҳолатларидан бошлаб, мумкин бўлмаган жойга чиқинди ташлашгача бўлган турли қонунбузарликлар ҳақида масъул тузилмаларга ахборот берилади.

Оқсоғота дарёси ёнидаги чиқинди уюми

Ғазалкент шаҳридаги «Марказий» МФЙда 2022 йилнинг 27 июль куни  яшовчи фуқаро маиший ва қурилиш чиқиндиларидан иборат уюм ҳақида маълум қилди. Чиқинди уюми Оқсоғота дарёси қирғоғи яқинидаги йўлда жойлашганди. Мурожаат келиб тушганидан сўнг «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси фуқаро билан боғланиб, тафсилотлар аниқланди ва «Тоза ҳудуд» томонидан уюмни тўлиқ бартараф этиш учун машина жўнатилди. Бундан ташқари, яқин атрофдаги маҳаллалар аҳолиси иштирокида тушунтириш ишлари ва ҳашар ўтказилди. Шу ойда ИИВ томонидан қоидабузарларни аниқлаш мақсадида кузатув камераси ўрнатилди. Чиқиндиларнинг қайта тўпланиб қолишига йўл қўймаслик учун дарё қирғоғига ўтиш йўлларини тўсиб қўйиш, шунингдек, «Тоза ҳудуд» ДУК томонидан чиқинди йиғиш ишларини тизимли йўлга қўйиш режалаштирилган.

Хумсон туманидаги чиқинди уюми

Хумсон туманида олис ҳудудда маиший ва қурилиш чиқиндилари уюми ҳосил бўлди. Бот орқали қолдирилган ариза ва «Тоза ҳудуд» ДУК ёрдамида уюм бартараф қилинди.

Бўстонлиқ туманида дам олувчилар томонидан ташланган чиқиндилар

Бўстонлиқ туманидаги манзиллардан бирида шундай бўлди. «Бахт улаш» лойиҳаси кўнгиллилари ва «Чорвоқ» ТРЗ дирекцияси томонидан ҳашар ўтказилди ва 30 қопдан ортиқ чиқинди йиғилди. Йиғилган чиқиндилар «Чиқиндини ўзингиз билан олиб кетинг» акцияси доирасида Бўстонлиқ туманидан чиқишда ўрнатилган экопунктга олиб борилди.

«Металлург» панционати яқинида тўпланган чиқинди

«Металлург» панционатидан узоқ бўлмаган жойдаги дам олиш ҳудудида чиқинди уюми пайдо бўлганди. Мурожаат келиб тушганидан сўнг ариқ тезда тозаланди.

«Агар Бўстонлиқ туманида уйингиз ёнида чиқинди уюмлари пайдо бўлган бўлса ёки дарахтларни кесиш ва бошқа қонунбузарликларга гувоҳ бўлсангиз, @BostonliqLIVE_bot га ариза юборинг. Ушбу бот (https://t.me/BostonliqLIVE_bot) чиқинди уюмлари, дарахтларни кесиш, мумкин бўлмаган жойда олов ёқиш ва шу каби қоидабузарликларни бартараф қилиш учун мўлжалланган.

Telegram-бот орқали ариза қолдириш учун қоидабузарлик тоифасини танлаш, сурат ва у аниқланган жой, вазиятнинг қисқача таърифи ва боғланиш учун телефон рақамини юбориш кифоя», дейилади вазирлик хабарида.