Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Янгиликлар

Ўзбекистон валюта бозоридаги савдолар ҳажми 260 трлн сўмдан ошди

Ўзбекистон валюта биржаси 2022 йилнинг январь-октабрь ойлари бўйича бозорларнинг умумий шарҳини эълон қилди. Унга кўра, 10 ойда валюта бозоридаги умумий савдолар ҳажми 264,47 трлн. сўмни ташкил этди

Ўзбекистон валюта биржаси (ЎзРВБ) жорий йилнинг январь-октабрь ойлари бўйича бозорларнинг умумий шарҳини эълон қилди.

Унга кўра, ЎзРВБдаги умумий савдолар ҳажми рекорд даражани – 549,38 трлн. сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос кўрсаткичига нисбатан 86,15 фоиз ўсишни ташкил этди.

2022 йил январь-октябрь ойларида валюта бозоридаги умумий савдолар ҳажми 264,47 трлн. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилги мос кўрсаткич (164,92 трлн. сўм)дан 1,6 баробар ошди.

Биржа савдолари иштирокчиларига қўшимча савдо имкониятларини яратиш мақсадида 2022 йил 3 октябрдан бошлаб ЎзРВБ валюта бозорининг янги in-house савдо платформасида илк маротаба базавий активи АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси бўлган валюта фьючерс шартномалари савдолари ташкил этилди.

Бозор иштирокчиларига таклиф этилган янги биржа инструменти валюта хатарларидан ҳимояланиш, шунингдек, нарх ўзгариши натижасида даромад олиш имконини беради. Бундан ташқари, валюта бозорида фьючерс шартномалари билан савдолар бошланиши муносабати билан ЎзРВБ дефолт-менеджмент тизими ва марказий контрагент фаолияти билан чамбарчас боғлиқ бўлган ликвидлик провайдерлари фаолияти жорий этилди, бу эса рискларни бошқариш механизмларини кенгайтиришга хизмат қилди.

2022 йил январь – октябрь ойларида пул бозоридаги савдоларнинг умумий ҳажми 201,88 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилги мос кўрсаткич (107,69 трлн. сўм)га нисбатан 87,46%га ошди.

ЎзРВБ қарз бозорида давлат қимматли қоғозлари (ДҚҚ) – Молия вазирлигининг облигациялари ва мажбуриятлари, шунингдек Марказий банкнинг облигациялари савдолари амалга оширилади. Ҳисобот даврида ушбу бозорда 74,28 трлн. сўмлик давлат қимматли қоғозлари жойлаштирилган бўлиб, 2021 йил кўрсаткичи (18,20 трлн. сўм)га нисбатан 4 маротаба кўп бўлди.