Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги «Омадингизни берсин» ўйинида қўлга киритган ютуқларини олиш имкони бўлмаётгани ҳақида мурожаатлар келиб тушаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, бугунги кунга келиб, «Омадингизни берсин» телеўйини иштирокчиларининг умумий ютуқлари 2 миллиард сўмни ташкил этган. Телеўйин низомига кўра, ўйин эфирга узатилганидан сўнг 90 банк иш куни ичида ҳомийдан соврин берилиши керак, аммо ғолиблар бир неча ойдан бери ўз совринларини қўлга киритганича йўқ.
Жумладан, телекўрсатувнинг 4-сонида иштирок этган Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи М.У. 20 миллион сўм, Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида яшовчи О.Ж. бир йўла 10 миллион сўм, кир ювиш машинаси, ноутбук ва Нехиа-2 автомашинасини ютиб олган. Лекин шу кунгача кутган совринлари ва машинаси ҳам берилмаган.
Шунингдек, 28 май куни Навоий вилояти Хатирчи туманида яшовчи А.М. ютган Дамас автомашинасини ҳам етказилмаган.
Наманган вилоятида яшовчи М.М. газ плитаси, чангютгич, 2 дона смартфон, велосипед, планшет, ноутбук, 20 миллион сўм ютиб олган. Шу кунгача у ҳам совғага эга бўлмаган.
Агентлик сўрови ва ўйин ҳомийси тақдим этилган маълумотга кўра, намойиш этилган кўрсатувнинг жами 15 та сони ғолибларидан фақат 1, 2, 3 ва 12-сонларида бир нафардан иштирокчи ўз ютуқларини қўлга киритган, холос. Қолган 55 иштирокчи бугунги кунгача совринларини кутмоқда.
«Реклама тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, қимматбаҳо совринлар тарқатиладиган ва (ёки) ўйналадиган рағбатлантирувчи акцияларни ёхуд ушбу акцияларда иштирок этиш учун рекламадан фойдаланувчи томонидан бирор-бир ҳаракатлар амалга оширилишини назарда тутадиган рағбатлантирувчи акцияларни ўтказиш чоғида реклама берувчи рағбатлантирувчи акцияни ўтказиш бошлангунига қадар оммавий ахборот воситаларида ва (ёки) эркин фойдаланиладиган интернет тармоғидаги ахборот ресурсларида акцияда иштирок этиш шартларини эълон қилиши шарт.
Шунингдек, рағбатлантирувчи акциялар ўтказилиши тўғрисидаги ахборотда ютуқни олиш эҳтимолини ошириб кўрсатувчи иборалар бўлмаслиги керак. Тегишли мукофот фонди мавжуд бўлмаган ҳолда рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказиш тақиқланади.
Бундан ташқари, иштирокчилари телеўйин низомидан хабардор бўлмаган ва уларга маълумотлар давлат тилида тақдим этилмаган. Бу билан қонуннинг 21-моддасига хилоф иш тутилган.
Ўз навбатида агентликнинг Махсус комиссияси томонидан «МИА- МАА» МЧЖга нисбатан «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 6 ва 21-моддалари талаблари бузилганлиги ҳолати бўйича иш қўзғатилган ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан кўрсатма берилган. Шу билан бирга, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун маълумотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган.


