Hyatt Regency меҳмонхонасини балансда сақловчи «Пойтахт қурилиш ва хизмат» компаниясининг устав капиталидаги 100 фоиз давлат улушини сотиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги (DABA) хабар берди.
Маълум қилинишича, меҳмонхона 87 миллион доллар эвазига Abu Dhabi Uzbek Investment’га сотилган. Сотув жараёнида «KPMG Valuation and Consulting» МЧЖ халқаро консалтинг компанияси Давактив агентлигининг хусусийлаштириш бўйича консультанти вазифасини бажарди.
Акциялар пакетини мустақил баҳолаш халқаро баҳоловчи компания «PricewaterhouseCoopers» МЧЖ томонидан амалга оширилди.
Битим талабгор томонидан сотиб олиш тўловига қўшимча равишда Меҳмонхонани ривожлантириш учун 12 млн доллар миқдорида инвестиция киритиш мажбурияти билан бирга тўловни тўлиқ бир йўла тўлаш орқали амалга оширилади.
Маълумот учун: Abu Dhabi Uzbek Investment (БАА-Ўзбекисон) 1 миллиард АҚШ долларига тенг капиталга эга бўлган инвестиция компанияси бўлиб, унинг мақсади Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган лойиҳаларга сармоя киритишдир. Компания ҳозиргача Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига 100 миллион АҚШ доллардан ортиқ сармоя киритган. Ушбу инвестиция компанияси портфели 300 миллион АҚШ доллардан ортиқ лойиҳаларни ўз ичига олади, уларнинг якуний мақсади яқин йилларда
1 миллиард доллардан ортиқ инвестицияларни жалб этишдир. Компания Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (UFRD) ҳамда БААнинг Абу-Даби тараққиёт жамғармаси (ADFD) томонидан ташкил этилган.
Беш юлдузли Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонаси 2016 йилда Тошкент марказида фаолият бошлаган ва Ўзбекистондаги халқаро Hyatt брендининг биринчи меҳмонхонасига айланган. Умумий ер майдони – 3,1 га, бино ва иншоотлар қурилиш ости майдони – 60,1 минг кв.метрни ташкил этади. Меҳмонхона 8 қаватдан иборат, меҳмонлар учун 300 та хоналар, жумладан 248 стандарт ва 52 люкс/полулюкс хоналар мавжуд. Меҳмонхона ҳудудида халқаро сифат стандартларига мувофиқ жиҳозланган турли сиғимдаги бир нечта конференция заллари, шунингдек, 850 кв.м майдонга эга банкет зали, ёпиқ бассейн ва СПА маркази мавжуд.

