UNESCO’нингг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов билан биргаликда Бухородаги маданий мерос объектларини кўздан кечирди. Жумладан, улар Бухоронинг тарихий қисмидаги «Арк» қалъаси, Масжиди Калон, «Абдулазизхон» ва «Улуғбек» мадрасалари, «Нодир Девонбеги» мадрасаси, «Хўжа Калон» масжиди ва «Хўжа Калон» ҳовузи каби маданий мерос объектларида олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш, реставрация ишлари билан танишишди.

Шунингдек, Бухоро шаҳар, Ғиждувон кўчасида жойлашган Metric Ventures (Hyatt Regency), International Hotel Services (Whyndham), «Tinchlik», «Olmachi Tur Servis» масъулияти чекланган жамиятларига қарашли меҳмонхоналарга лойиҳаларининг қурилиш жараёнларини кўздан кечиришди.
Азиз Абдуҳакимов Бухоронинг тарихий қисмида жойлашган маданий мерос объектлари, шунингдек Когон туманида жойлашган Амир Олимхон саройи реставрацияси, унинг таъмирланишига доир мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. Бундан ташқари, масъулларга Бухорода ташкил қилиниши кутилаётган «Туризм шаҳарчаси» бўйича таклифлар тайёрланиши бўйича топшириқлар берилди.
Таъкидланишича, ташриф давомида Бухородаги Когон туманидаги «Баҳоуддин Нақшбанд» мажмуаси, Бухоро шаҳрининг тарихий қисмидаги «Исмоил Сомоний» ва «Чашмаи Аюб» мақбаралари ҳамда бошқа қадамжоларга бориш ҳам режалаштирилган.


