Россиянинг бадавлат инсонларини жами бойлиги 2022 йил бошидан буён 94 миллиард долларга камайди. Бу ҳақда дунёнинг 500 нафар энг бадавлат инсонлари бойлигини кузатиб борувчи Bloomberg Billionaires Index рейтингида келтирилган.
Қайд этилишича, бир ой олдин россиялик бизнесменлар йўқотган маблағлар 54 миллиард долларга баҳоланган. Энг кўп маблағларни «Северсталь» бош директори Алексей Мордашов (9,8 миллиард доллар йўқотган, ҳозирда бойлиги 19,1 миллиард долларга баҳоланмоқда), Волга Гроуп инвестиция компанияси эгаси Геннадий Тимченко (-9,7 миллиард доллар; ҳозирда — 12,8 миллиард) ва металлургия комбинати акциядори Владимир Лисин (-9,1 миллиард; ҳозирда — 18,9 миллиард) йўқотган. Фоизлар ҳисобида энг кўп маблағидан бизнесмен Виктор Вексельберг айрилган — унинг бойлиги 60 фоиздан ортиққа камайиб, ҳозирда 11,2 миллиард долларни ташкил этмоқда.
Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда ўртакаш сифатида тез-тез тилга олинувчи Роман Абрамович ўз бойлигининг қарийб ярмидан айрилган — 8,3 миллиард доллар йўқотган ва ҳозирда унинг маблағлари 9,7 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Ҳозирги вақтда Bloomberg Billionaires Index рейтингига 27 нафар россиялик киритилган.
Россия Украинада «махсус операция» бошлагач, Ғарбнинг фикрича Кремль билан алоқаси бор кўплаб йирик бизнесменлар санкцияларга учраган. Уларнинг АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқидаги активлари «музлатилган».


