Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Қорақалпоғистондаги айрим оилаларга 600 минг сўмдан ёрдам пули берилади

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилаларга 600 минг сўмдан бир марталик ёрдам пули берилишини маълум қилди. «Тўғри, бу амалиётга чек қўйганмиз, бошқа ҳудудларда бундай имконият йўқ. Лекин, Қорақалпоғистон аҳолиси мурожаатларини инобатга олиб, истисно қилиб беришга тайёрман», — деди Президент.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қорақалпоғистонда ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилаларга 600 минг сўмдан бир марталик ёрдам пули ажратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Жўқорги Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида айтиб ўтди.

Маълум қилинишича, ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилаларга кўмир, суюлтирилган газ, озиқ-овқат ва бошқа зарур эҳтиёжлар учун 600 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади.

Шунингдек:

  • 15 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон учун пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахсларга темир йўл ва авиа чипталар сотиб олиш учун 50 фоизлик имтиёзни тиклаш;
  • 2025 йилгача қўшилган қиймат солиғи бўйича режадан ошириб бажарилган тушумлар Қорақалпоғистон бюджетида қолдириш;
  • боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари қурилишига келгуси беш йилда қўшимча 5 триллион сўм ажратиш бўйича топшириқлар берилди.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда аҳоли учун якка тартибдаги уй-жой қуриш мақсадида ер участкаси тақдим этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

«Тўғри, бу амалиётга чек қўйганмиз, бошқа ҳудудларда бундай имконият йўқ. Лекин, Қорақалпоғистон аҳолиси мурожаатларини инобатга олиб, истисно қилиб беришга тайёрман. Фақат пухта ишланган, адолатли ва шаффоф тизим асосида бўлиши керак», — деди Президент.

Аввалроқ Президент Қорақалпоғистонда фойда солиғи ставкаси 15 фоиздан 7,5 фоизга туширилишини айтди. Мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини 2 бараварга камайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Шунингдек, Президент йил якунига қадар Қорақалроғистонда 6620 гектар, 2022 йилда 6 минг гектар пахта ва ғалла ерлари қисқартирилиб, аҳолига ижарага берилишини маълум қилди.