Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

«Бу бахслар ўз уйига — Олий Мажлисга қайтиши керак» — Ботир Қобилов спортчиларга пул мукофотлари берилиши ҳақида

Иқтисодчи Ботир Қобилов спортчиларга пул ажратиш масаласи бўйича муҳокамалар Парламентда бўлиши кераклигини айтди. «Депутатлар қанчадир пулни спортчиларни мукофотлашга ажратишимиз зарур, деб ўзаро уришиши, дўппослашиши керак», — дейди у. Мутахассиснинг фикрича, ҳар қандай соҳада бўлгани каби давлатнинг харажати бор жойда хусусий харажатлар сиқиб чиқарилади.

Фото: Ботир Қобиловнинг шахсий архивидан / Gazeta.uz

Иқтисодчи, Гарвард университети докторанти ва илмий тадқиқотчиси Ботир Қобилов спортчиларга пул мукофотлари берилиши масаласига тўхталиб, бу бахслар «ўз уйига» — Олий Мажлисга қайтиши кераклигини айтди. Иқтисодчи бу ҳақда Uzbekonomics подкастида фикр билдирди.

Ботир Қобилов ўз фикрини изоҳлар экан, масаланинг икки томонига эътибор қаратган: «Биринчидан, бу муҳокамалар ўз уйига, яъни Парламентга қайтиши керак. Иккинчидан, профессионал спортчиларга пул ажратмаслик керак».

«Ҳудди мактаб қуриш керак ёки керак эмас ёки тиббиёт соҳасига қанча маблағ ажратиш керак, дейилгани каби бу масалада ҳам мунозаралар ўз манзилига қайтиши керак.

Яъни, бу бахслар ижро ҳокимияти ёки ижтимоий тармоқлар ёки бир марталик қарорлар ўрнига ўз уйига — Олий Мажлисга қайтиши керак. Депутатлар ҳар йили бюджет тақсимланаётганида қанчадир пулни спортчиларни мукофотлашга ажратишимиз зарур, деб ўзаро уришиши, дўппослашиши керак, мунозара қилиши керак.

Чунки кимгадир бокс муҳимроқ бўлиши мумкин, кимгадир кёрлинг қизиқ. Масалан, нимага эшкак эшиш ва байдарка бўйича олимпиада ғолибларига камроқ пул берамиз-да, каратэ бўйича ғолибларга кўпроқ пул берамиз, деган бахсни депутатларга қўйиб беришимиз керак. Бу нарса олдиндан тақсимланиши зарур. Чунки улар қабул қилган қарор қандайдир мунозараларнинг натижаси бўлади. Ваҳоланки, бошқа пайтда бюджет, яъни солиқ тўловчиларнинг маблағларини бир маротаба қилинаётган қарорлар эвазига бекорга бериб юборган бўламиз», — деди иқтисодчи.

Профессионал спортчиларга пул бериш керакми, деган саволга эса Ботир Қобилов қуйидагича жавоб берди:

«Ўзи умуман профессионал спортчиларга пул бериш керакми, деган саволга мен йўқ, деб жавоб берардим. Чунки профессионал спортчиларнинг ғалабаси бу мамлакатнинг ғурури, фахри ва мақтанадиган нарсаси бўлишига қарамай, биринчи ўринда бу спортчиларнинг ўзининг ғалабаси ҳисобланади. Улар ҳар қандай мукофотга ўзлари эгалик қилиши керак. Ҳар қандай соҳада бўлгани каби давлатнинг харажати бор жойда хусусий ҳаражатлар сиқиб чиқарилади.

Бошқа мамлакатларда хусусий корхоналар ёки инсонлар ғолибларнинг имижидан фойдаланиб рекламалар қилишади. Шартномалар тузишади. Масалан, Майкл Жордан Nike билан 1 миллиард долларлик шартнома қилиб қўйган ва ҳоказо. Айтмоқчи бўлганим, биз солиқ тўловчиларнинг пулини қайсидир спортчига ‘раҳмат ғалаба қозондинг, мамлакатимизни дунёга танитдинг, мана сенга солиқ тўловчиларнинг пули’, деб берганимиз туфайли хусусий сектордан ўзаро рақобат туфайли ўша инсоннинг имижи реклама сифатида ишлатилишини чеклаб қўйган бўламиз», — деди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, шунинг учун ҳам бу ҳақда кўпроқ мунозара бўлиши зарур ва бу мунозара депутатлар, яъни халқ вакиллари ўртасида кўтарилиши керак.

Аввалроқ Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси чемпионларига мукофотлар топширилгани хабар қилинганди. Чемпионларга 600 миллион сўм миқдоридаги мукофот пули ва «Equinox» автомобили тақдим этилган. Жамоа мураббийлари эса 300 миллион сўм билан тақдирланган.