«Ўзбекинвест»нинг ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий мажбуриятли шахсларни мажбурий давлат суғуртасидан ўтказиш бўйича эксклюзив ҳуқуқлари бекор қилинди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, Президентнинг 2022 йил 8 апрелдаги фармонига илова сифатида Монополияга қарши курашиш қўмитасининг тегишли таклифи киритилган. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 26 январдаги «Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий мажбуриятли шахсларнинг, оддий аскарлар ҳамда бошлиқлар таркибига кирувчи шахсларнинг давлат мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги 38-сон қарорига ўзгартириш киритиш орқали мажбурий давлат суғуртаси «Ўзбекинвест» компанияси томонидан ўтказилиши бўйича эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш назарда тутилган.
Қайд этилишича, мазкур банд ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг «‘Ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий мажбуриятли шахсларнинг, оддий аскарлар ҳамда бошлиқлар таркибига кирувчи шахсаларнинг давлат мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида’ 1994 йил 26 январдаги 38-сон қарорига эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш йўли билан мавжуд монополияни бартараф этиш ҳамда хусусий секторни кенг жалб қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги 454-сонли қарори қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекинвест» экспорт-импорт миллий суғурта компанияси (вакил қилинган суғурталовчи) мажбурий давлат суғуртаси ўтказишни мазкур қарорда белгиланган тартибда 2003 йил 1 январдан бошлаган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2022 йил 14 та фаолият тури бўйича монополияларни тугатиш режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Унга кўра, бу фаолиятлар турларига аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ етказиб бериш, рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тайёрлаш, сертификатлаштириш хизматлари ва бошқалар киритилган.


