Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Технология

Ўзбекистонга миллий ижтимоий тармоқ нега керак? Инновация вазирлиги жавоб берди

Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистонда миллий ижтимоий тармоқ яратиш мақсадида стартап лойиҳалар танловини эълон қилганди. Шундан сўнг мазкур ташаббус ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди ва танқидга учради. Вазирлик мамлакатга миллий ижтимоий тармоқ нима учун кераклиги бўйича тушунтириш берди.

Инновацион ривожланиш вазирлиги 29 июль куни Ўзбекистонда миллий ижтимоий тармоқ яратиш мақсадида «стартап» лойиҳалар танловини эълон қилганди. Шундан сўнг, мазкур ташаббус ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди ва танқидга учради. Вазирлик мамлакатга миллий ижтимоий тармоқ нима учун кераклиги бўйича тушунтириш берди.

Вазирликнинг қайд этишича, Ўзбекистонда аввал ҳам миллий мессенжерлар ва ижтимоий тармоқлар яратиш борасида турли ишлар олиб борилган. Аввалги ишлаб чиқилган миллий мессенжерларнинг оммалашмаслик сабаблари сифатида асосан киберхавфсизлик, маълумотларнинг ишончли сақланиши ҳамда барқарор ишлаш қобилияти мавжуд эмаслигини кўриш мумкинлиги таъкидланган.

«Кўплаб яратилган платформалар уй шароитидаги ёки офис серверларига ўрнатилган ва фойдаланувчилар сони бир неча мингтага етганида эса фаолиятида узилишлар кузатилган. Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар яратишда мана шу омилларга алоҳида эътибор берилмоқда», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда жами 24,1 миллион нафар интернет фойдаланувчилари мавжуд. Бу рақам йилига ўртача 1,4 фоизга ўсмоқда. 

«Аҳолининг 28,5 фоиз қисми 18–35 ёш оралиғида бўлиб, ижтимоий тармоқлар, жумладан мессенжерлардан фаол фойдаланишади. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мамлакатимизда миллий мессенжерлар ташкил қилиш учун маҳаллий бозор имконияти мавжуд», дея тушунтирган вазирлик.

Қайд этилишича, «глобаллашув жараёнларида ёшларнинг маънавий ва маърифий салоҳиятини ижобий шакллантиришда миллий бренд билан яратилган мессенжерларнинг ўрни беқиёс». 

«Халқаро тенденциялар интернет фойдаланувчилари орасида ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлардан фаол фойдаланувчилар сони кун сайин кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда. Бундай шароитда мамлакатимизда ҳам миллий қадриятларимизга мос, жаҳоннинг илғор технологиялари ва тажрибаларидан самарали фойдаланган ҳолда миллий ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларни яратиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади», — дейилган вазирлик хабарида.

Хабарга кўра, Ўзбекистонда миллий мессенжер яратилиши нафақат қадриятлар ва миллий анъаналар нуқтаъи-назаридан, балки «халқаро майдонда кибер оламнинг салбий таъсирларидан халқни ҳимоя қилиш, инсон учун энг қимматли бўлган шахсий маълумотларнинг сақланишини кафолатлаш, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Россия ҳамда Канада каби мамлакатларнинг миллий мессенжерлардан фойдаланиш тажрибасини инобатга олиб» амалга оширилиши зарур.

Айтилишича, комплекс функцияларга эга миллий мессенжерлар яратилиши орқали йилдан-йилга ошиб бораётган ўзбек интернет фойдаланувчилари контингенти учун қулай, фойдали ва хавфсиз платформа пайдо бўлади.

Аввалроқ Ўзбекистонда энг оммалашган ижтимоий тармоқ бўйича маълумот берилганди. Унга кўра, Ўзбекистонда энг кўп Telegram мессенжеридан — 18 миллион одам фойдаланади.

Шунингдек, Facebook’дан 4,7 миллион, Instagram’дан 3,7 миллион, Linkedln’дан 288 минг, Telegram’дан 18 миллион, Odnoklassniki’дан 16,7 миллион, Twitter’дан 51,6 минг ва «ВКонтакте»да 2,6 миллион одам фойдаланади, уларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилмоқда.