Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

АҚШ Сенати Байденнинг инфляцияни жиловлаши айтилаётган 430 млрд долларлик режасини қўллаб-қувватлади

Жо Байден АҚШда 430 млрд долларлик режа билан инфляцияни жиловламоқчи. Қонун солиқ, иқлим ва соғлиқни сақлаш масалаларини назарда тутади. Уни 51 нафар демократ сенатор қўллаб-қувватлади, вице-президент Камала Харрис ҳал қилувчи овозни берди.

Фото: AFP

АҚШ Конгресси Сенати иқлим ўзгаришига қарши курашиш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестициялар йўналтириш, ва солиқ ислоҳоти тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда The Hill хабар берди.

Маълум бўлишича, Президент Жо Байденнинг 430 миллиард долларлик режасини 51 нафар демократ сенатор қўллаб-қувватлаган. Мунозара тун бўйи ва эрталабгача давом этган ва ҳал қилувчи овозни юқори палатага раҳбарлик қилувчи вице-президент Камала Харрис берган.

Шунингдек, Байден ҳужжатнинг қабул қилинишини олқишлаган. Президентнинг айтишича, бу қонун лойиҳаси камомадни камайтириш ва оддий оилалар учун харажатларни қисқартириш орқали инфляцияга қарши курашишни мақсад қилади.

Бундан ташқари, Байден демократларга қўллаб-қувватлаганлиги учун миннатдорчилик билдириб, муҳим ишлар ҳар доимгидек муросани талаб қилишини таъкидлаган. Президент қонунни имзолаши учун Вакиллар палатасидан қонун лойиҳасини имкон қадар тезроқ қабул қилишга сўраган.

Президент маъмурияти ҳужжатни инфляцияни пасайтириш тўғрисидаги қонун деб атаган. У тоза энергия ва иқлим ўзгариши мақсадлари учун 370 миллион доллар ва дори-дармонлар ва тиббий суғурта харажатларини камайтириш учун 64 миллиард долларни ўз ичига олади. Тахминларга кўра, харажатлар солиқ ислоҳоти ҳисобидан қопланади, бу эса бюджет тақчиллигини ҳам 300 миллиард долларга қисқартиради.

Ислоҳот йирик корпорацияларга солиқ тўлашдан бўйин товлаш схемаларини бекор қилиш орқали таъсир қилади, лекин йилига 400 минг доллардан кам маош оладиганлар учун солиқ юкини оширмайди.

Аввалроқ АҚШда июнь ойида истеъмол нархлари индекси 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 9,1 фоизга ўсгани, бу 1981 йил охиридан бери кузатилмаган рекорд кўрсаткич экани хабар қилинганди.

Қайд этилишича, ўсиш бензин, уй-жой ва озиқ-овқат нархларининг ошишини ўзида акс эттиради. Ўзгарувчан кўрсаткичларни (озиқ-овқат, энергия) ҳисобга олмаганда базавий инфляция май ойига нисбатан 0,7 фоизга, 2021 йилга нисбатан эса 5,9 фоизга ўсган.