Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Чек берилмаганлиги ҳақида шикоят келиб тушса, солиқ текшируви қандай ўтказилади?

ДСҚ тадбиркорлар ва истеъмолчилар ўртасидаги нақд пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда кузатиладиган вазият юзасидан тушунтириш берди. Қўмитага кўра, бундай ҳолатларда Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан сайёр солиқ текшируви ўтказилади.

Давлат солиқ қўмитаси чек берилмаганлиги ҳақида шикоят келиб тушса, солиқ текшируви қандай асосда ўтказилиши бўйича тушунтириш берди.

Қўмитага кўра, бундай ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1-сонли қарорига асосан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширишда назорат-касса техникаси қўлланилиши юзасидан сайёр солиқ текшируви ўтказилади.

Унда, жумладан, қуйидагилар текширади:

  • солиқ тўловчи томонидан фойдаланилаётган назорат-касса техникаси ва ҳисоб-китоб терминали тегишли қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги;
  • харидорларга назорат-касса техникаси чеки ёки унга тенглаштирилган бошқа ҳужжатлар берилиши.

Қайд этилишича, сайёр солиқ текширувини тайинлаш тўғрисидаги буйруқ уни амалга ошириш дастурини тасдиқлайди, унда текширилиши керак бўлган масалалар рўйхати акс эттирилади. Солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни аниқлаштиришда бу дастурга асосан қуйидагилар текширилиши мумкин:

  • давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, фаолият тури ва жойининг солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги;
  • солиқ тўловчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулк негизида, шунингдек, бу мол-мулкка эгалик қилиш ва (ёки) ундан фойдаланишга йўл қўядиган бошқа ашёвий ҳуқуқ асосида мол-мулкка ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлиги.

Бундан ташқари, сайёр солиқ текшируви доирасида солиқ тўловчи — юридик шахслар ишчи-ходимларининг ҳақиқий сони ва солиқ ҳисоботида акс эттирилган ишчи-ходимлар сонига мувофиқлиги текшируви амалга оширилиши мумкин. Таъкидланишича, сайёр солиқ текшируви доирасида уни амалга ошириш дастурида назарда тутилган ҳолатлар бўйича текширув ўтказилиши керак.

Аввалроқ солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар берган яна 15 кишига 9 млн сўм тўлаб берилгани хабар қилинганди.

2022 йил 1 январдан солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида «Солиқ» мобил иловасининг «Солиқ ҳамкор» бўлими орқали хабар берган фуқароларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида мукофот тўланиши белгиланган.

2022 йил 1 январдан 4 февралга қадар «Солиқ ҳамкор» орқали йўллаган мурожаатлари ўз тасдиғини топган фуқароларга жами 17,5 млн сўм мукофот тайинланган бўлиб, айни пайтда 15 нафар фуқарога 9 миллион сўм мукофот тўлаб берилган.

Фуқаролар «Солиқ ҳамкор» орқали: 

  • чек бермаслик;
  • банк пластик картаси орқали тўловни қабул қилишни рад этиш;
  • банк пластик картаси орқали тўлов амалга оширилганда маҳсулотни қиммат сотиш;
  • ноқонуний тадбиркорлик фаолияти;
  • маркировкаланиши керак бўлган маҳсулотни маркировкасиз (ёки қалбаки маркировка билан) сотиш  ва шу каби солиқ ҳуқуқбузарликлари ҳақида хабар бериши мумкин.