Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлар билан ташқи савдо айланмаси 2022 йил биринчи ярмида 7 миллиард долларни ёки 28,5 фоизни ташкил этди.
Маълум бўлишича, шундан экспорт ҳажми 2,4 миллиард долларни, импорт ҳажми эса 4,6 миллиард долларни ташкил этган. 2022 йилнинг май ойи якуни билан Ўзбекистонинг ЕОИИ давлатлари билан ташқи савдо ҳажмидаги улуши қуйидагича:

Россия билан ташқи савдо айланмаси 4 миллиард 65 миллион долларни ёки 58 фоизни ташкил этиб, экспорт ҳажми 1 миллиард 220 миллион долларга, импорт ҳажми эса 2 миллиард 845 миллион долларга етган.
Қозоғистон билан ташқи савдо айланмаси 2 миллиард 109 миллион долларни ёки 30 фоизни ташкил этиб, экспорт ҳажми 625 миллион долларга, импорт ҳажми эса 1 миллиард 484 миллион долларга етган.
Қирғизистон билан ташқи савдо айланмаси 589 миллион долларни ёки 9 фоизни ташкил этиб, экспорт ҳажми 483 миллион долларга, импорт ҳажми эса 106 миллион долларга етган.
Беларусь билан ташқи савдо айланмаси 205 миллион долларни ёки 3 фоизни ташкил этиб, экспорт ҳажми 48 миллион долларга, импорт ҳажми эса 157 миллион долларга етган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон 2020 йилнинг декабр ойида Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олган. Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларининг 2020 йилда Ўзбекистон билан савдо айланмаси қарийб 10 миллиард долларни ташкил этган. ЕОИИ мамлакатларининг улуши Ўзбекистон умумий товар экспортининг 30-31 фоизига тўғри келади.
Ўзбекистон 2019 йилда умумий қиймати 9,42 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлиб, шундан 2,83 миллиард долларлик маҳсулот ЕОИИ ҳудудига етказиб берилган. ИТСВ маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги савдо айланмаси тўрт йилда 75 фоизга ошган.
Аввалроқ Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг 4 та лойиҳасига қўшилиши хабар қилинганди.
«Ўзбекистон тўртта йўналиш бўйича ишлашга қизиқиш билдирди: кун тартибида турган иқлим масаласи, юк темир йўл транспортини рақамлаштириш, электрон тижорат ва Евроосиё агроэкспресс лойиҳасини амалга ошириш», — деганди ўшанда Евроосиё иқтисодий комиссияси савдо вазири Андрей Слепнев.


