Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Энг кўп имтиёз ҚҚС бўйича қўлланган: ДСҚ солиқ имтиёзлари бўйича навбатдаги маълумотларни очиқлади

Дастлабки ярим йилликда юридик шахслар 24,6 трлн сўм солиқ имтиёзларидан фойдаланди.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Давлат солиқ қўмитаси Э-имтиёз ахборот тизими орқали солиқ турлари, ҳудудлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар кесимида имтиёзлардан фойдаланиш бўйича тайёрланган таҳлилий маълумотларни эълон қилди.

Маълум бўлишича, 2022 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида юридик шахслар 75 мингта ҳолатда 24,6 триллион сўм солиқ имтиёзларидан фойдаланган. Жами имтиёзнинг 8,5 триллион сўмига қўшилган қиймат солиғининг ноль ставкаси қўлланилган.

Инфографика: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Шундан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича:

  • Солиқ кодексига асосан — 22,5 триллион сўм;
  • Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Президент фармонлари, қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бошқа ҳужжатларга асосан — 2,1 триллион сўм қўлланилган.
Инфографика: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Солиқ турлари кесимида энг кўп қўлланилган имтиёз қўшилган қиймат солиғи бўйича бўлган — 22,4 триллион сўм ёки 91,1 фоиз. Бошқа солиқ турларидан эса 2,2 триллион сўм (8,9 фоиз) миқдорида фойдаланилган.

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси корхоналари томонидан жами имтиёз суммасининг 18 триллион сўм қисми фойдаланилган. Имтиёзнинг қолган 6,6 триллион сўм қисми Республиканинг бошқа ҳудудларига тўғри келган.

Инфографика: Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Аввалроқ Давлат солиқ қўмитаси индивидуал солиқ имтиёзлари тенг рақобатга ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатишини қайд этиб, уларнинг ҳажми бўйича маълумот берганди.

Қўмитанинг қайд этишича, 2021 йилда индивидуал ҳусусиятга эга бўлган 15 та ҳужжат бўйича жами 316,2 миллиард сўмлик, 2022 йилнинг дастлабки 6 ойи давомида эса 10 та ҳужжат бўйича жами 144,8 миллиард сўмлик солиқ имтиёзи қўлланилган.

Бундан ташқари, юридик шахслар томонидан: 2021 йилда 43,4 триллион сўмдан, 2022 йил I ярим йиллигида эса 24,6 триллион сўмдан зиёд солиқ имтиёзларидан фойдаланилган.