Европа Иттифоқи (ЕИ) атом ва кўмир электр станциялари фаолиятини 2022-2023 йилда узайтириши мумкин. Бу ҳақда Ички бозор бўйича Европа комиссари Тьерри Бретон хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Европа давлатлари қишни Россия газисиз ўтказиш учун шундай қадам ташламоқда.
Европа Комиссияси (ЕК) президенти Урсула фон дер Ляйен Брюсселдаги матбуот анжуманида Россиядан газ етказиб беришни тўлиқ тўхтатиш эҳтимоли борлигини айтди. Фон дер Ляйен воқеаларнинг бундай ривожланиши Европа Иттифоқининг барча мамлакатларига таъсир ўтказади деб ҳисоблайди.
«Биз бир қарорга келдик: қишни Россия газисиз ўтказишга тайёрланяпмиз. Бу қишдан ва, эҳтимол, келаси қишдан ҳам омон чиқиш учун Европа Иттифоқи давлатлари атом электр станциялари ёки кўмир станциялари фаолиятини узайтириши мумкин», — деган Тьерри Бретон.
ЕК раҳбари ўринбосари Франс Тиммерманснинг сўзларига кўра, биринчи марта фойдали ва барқарор бўлган муқобил энергия манбаларига ўтиш муҳимлигига унинг ишончи комил. Бу газ нархининг ошиши фонида содир бўлмоқда.
Европа Комиссияси 20 июль куни 2023 йил баҳоргача газ сарфини ўн беш фоизга камайтириш режасини тақдим этди. Бундай қарор етказиб беришдаги ноаниқликлар туфайли қабул қилинди. ЕК ҳисоб-китобларига кўра, қиш совуқ келадиган бўлса, ЕИ ялпи ички маҳсулоти 1,5% га қисқариши мумкин.
«Шимолий оқим» учун турбиналар етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар сабаб Европага газ етказиб бериш ҳажми қисқарди. Европа Иттифоқи ҳозирча Россия газига эмбарго жорий қилмоқчи эмас.
Аввалроқ Европа Иттифоқи Россия ўрнига Озарбойжондан газ импорт қила бошлаши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди. Брюссель Озарбойжондан ҳар йили камида 20 млрд куб метр газ сотиб олишни мақсад қилган.


