Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 июль куни Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясниковични қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида, энг аввало, савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, инновациялар, миграция ва туризм соҳаларидаги ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилган.

Давлат раҳбари Ўзбекистон кузатувчи давлат сифатида ташкилот тузилмалари билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйганини алоҳида таъкидлаган.
Тегишли меморандум ва 2023 йилларга қадар даврга мўлжалланган Қўшма тадбирлар режаси амалга оширилмоқда. Ҳамкорликнинг қўшимча йўналишлари рўйхати имзоланди.

Шунингдек, ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро савдо ва инвестициялар кўрсаткичлари ижобий суръат билан ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.
Савдо тўсиқларини бартараф этиш, саноат кооперациясини кучайтириш ва ишбилармонлик алоқаларини рағбатлантириш, лойиҳавий ҳамкорликни ривожлантириш, транзит соҳасидаги дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, миграция тартиботларини соддалаштириш ва ўзаро сайёҳлар оқимини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашув сўнггида қўшма ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилишини ўтказишга келишиб олингани маълум қилинди.
Аввалроқ Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқининг 4 та лойиҳасига қўшилиши маълум қилинганди.


