Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Ўзбекистонда электромобиль импорти бир йилда 4,5 бараварга ошди

Ўзбекистон олти ойда ўнта хорижий давлатдан қиймати 34,1 млн долларга тенг бўлган 1125 та электромобиль импорт қилди.

Ўзбекистонда электромобиль импорти бир йилда 4,5 бараварга ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистон 10 та хорижий давлатдан қиймати 34,1 миллион долларга тенг бўлган 1125 та электромобиль импорт қилган.

Электромобиль импорти 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 875 тага ёки 4,5 бараварга ошган.

Ўзбекистон 2022 йилнинг 6 ойида асосан қўйидаги давлатлардан электромобиллар импорт қилган:

  • Хитой – 983 та;
  • БАА – 73 та;
  • Германия – 27 та;
  • Гонконг – 25 та;
  • Корея – 6 та;
  • Литва – 6 та;
  • Эстония – 2 та.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев электромобиль ишлаб чиқариш бўйича амалий ишларни ҳозирдан бошлаш кераклигини таъкидлаганди.

«Яна бир масала — жаҳонда электромобиллар ишлаб чиқариш жадал ривожланиб, автомобиль бозорида салмоқли ўрин эгалламоқда. Биз ҳам бу соҳада ортда қолмаслигимиз учун амалий ишларни ҳозирдан бошлашимиз керак», — деганди Президент йиғилишда.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида электромобиль ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш рағбатлантирилиши маълум қилинганди.