Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

Озарбoйжон Европа Иттифоқи билан энергия хавфсизлиги бўйича янги шартнома тузади

Озарбаойжон Президенти келишувнинг катта қисми келишиб олингани, ҳал этилмаган масалалар юзасидан музокаралар давом этаётганини маълум қилди.

Озарбойжон ва Европа Иттифоқи яқин кунларда энергия хавфсизлиги соҳасида янги шартнома имзолайди. Бу ҳақда Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев маълум қилди.

Шартнома ҳақида у биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ўтказилган йиғилишда айтиб ўтди ва янги келишув томонлар ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади.

Президент, шунингдек, Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель билан бир неча бор учрашиб, телефон орқали гаплашганини эслатди ва бу суҳбатларнинг асосий мавзуси Озарбойжон-Арманистон муносабатларини нормаллаштириш бўлганини қайд этди.

«Шу билан бирга, Европа Иттифоқи ва Озарбойжон ўртасидаги муносабатларнинг келажакдаги ривожи юзасидан кенг кўламли муҳокамалар олиб борилмоқда. Жорий йилда Европа Иттифоқи билан фаол ҳамкорлик олиб борилди. Хабарингиз бор, биз янги шартнома устида ишлаяпмиз. Келишувнинг катта қисми келишиб олинди, ҳал этилмаган масалалар юзасидан музокаралар давом этмоқда. Умид қиламанки, яқин орада барча масалалар ечимини топади», — деган Илҳом Алиев.

Еврокомиссия 15 июль куни Европа Иттифоқи президенти Урсула фон дер Ляен ва Европа Иттифоқининг энергетика бўйича комиссари Кадри Симсон 18 июль куни Озарбойжонга ташриф буюриб, мамлакат раҳбарияти билан учрашувлар ўтказиши ҳақида хабар берган эди. Симсон, хусусан, Озарбойжон Энергетика вазири Парвиз Шаҳбазов билан учрашиши маълум қилинган.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Россия ўрнига Озарбойжондан газ импорт қила бошлаши мумкинлини ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, Брюссель Озарбойжондан ҳар йили камида 20 млрд куб метр газ сотиб олишни мақсад қилган.