Бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Қозоғистоннинг Нур-Султон шаҳрида ўтказилган МДҲ Иқтисодий кенгашининг 94-йиғилишида қатнашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати Kommers.uz’га хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилишда Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Арманистон ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари, Туркманистон мухтор элчиси, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъат раиси иштирок этган.

Маълум қилинишича, МДҲ мамлакатларининг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2021 йилда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра реал ҳисобда 4,7 фоизга ўсди (2020 йилда у 2,5 фоизга камайди).
Йиғилишда қуйидаги масалалар юзасидан ҳам тегишли қарорлар кўриб чиқилиб, қабул қилинди:
- ядровий авария ёки радиологик фавқулодда вазият тўғрисида хабардор қилиш бўйича амалий чоралар, ҳамда 2018 йил 2 ноябрдаги МДҲга аъзо давлатлар ўртасида ядровий авария ёки радиациявий фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тайёр бўлиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда ўзаро ёрдам кўрсатиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битимда назарда тутилган мажбуриятларни бажариш доирасида кўрсатиладиган ёрдам ҳажми ва мазмуни;
- МДҲга аъзо давлатларнинг 2030 йилгача бўлган даврда давлатлараро инновацион ҳамкорлик дастури иштирокчилари бўлган давлатлар инновацияларини тижоратлаштириш маркази мақомини бериш тўғрисида;
- 2021 йилда мустақил давлатлар ҳамдўстлигида архитектура ва шаҳарсозлик йилини ўтказиш якунлари ва бошқа қатор масалалар тўғрисида.
Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари томонидан ташкилий тусдаги масалалар ҳам муҳокама қилинган, хусусан, МДҲ иқтисодий кенгашининг 2022 йил 23 сентябрда ўтказиладиган 95-мажлисини Россиянинг Москва шаҳрида ўтказиш масаласи кўриб чиқилган.


