Малайзия туристик компаниялари вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.
Вазирнинг ёзишича, Қурбон ҳайитининг биринчи кунида зиёрат туризм салоҳиятини Малайзияда кенг тарғибот қилиш мақсадида Малайзия туристик компаниялари вакиллари диёримизга ташриф буюрди.
Аввалроқ Бош вазир ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Малайзиянинг туризм, санъат ва маданият вазири Нанси Шукри билан Озарбойжондаги Ислом ҳамкорлик ташкилотининг конференсияси доирасида учрашганди. Мазкур учрашувда Малайзиядан доимий равишда зиёратчилар сафарини ташкиллаштириш борасида келишиб олганди.

Туризм ва маданий мерос вазирлиги қўллаб-қувватлаши остида маҳаллий ҳамда Малайзия туристик компаниялари ўртасида B2B учрашувлари ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, туристик дастурлар тақдимоти ҳамда Ўзбекистонда ташкил этилган янги туристик маршрутлар бўйлаб инфотур ўтказилиши кўзда тутилган.


