Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида давлат муассасаси шаклидаги Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш маркази ташкил этилади. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Қизлархон Бегматова маълум қилди.
Марказга тиббий, клиник ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлаш учун Корея Эксимбанки жамғармаси кредитлари йўналтирилади.
Лойиҳанинг қиймати 125 миллион доллар (EDCF фонди — 105 миллион доллар, Ўзбекистон томонидан — 20 миллион доллар) миқдорни ташкил этади. Марказни ишга туширилиши натижасида 250 та янги иш ўринлари яратилади.
Марказ қуйидаги вазифаларни амалга оширишга хизмат қилади:
- дори воситаларининг клиник тадқиқотларини халқаро этик ва илмий стандартлар талабларига мувофиқ ташкил этишни жорий этиш;
- республика ҳудудида клиник тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда клиник базаларни жаҳон стандартлари асосида модернизация қилишни мувофиқлаштириш;
- «Зарур клиника амалиёти (GCP)» талабларига мувофиқ дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ўтказишни ташкил этиш;
- женерик дори воситаларининг оригинал дори воситаларига фармакологик биоэквивалентлигини аниқлаш;
- клиник тадқиқот субъектида дори воситаларининг фармакокинетик тадқиқотларини ўтказиш;
- тиббиёт ходимларининг клиник тадқиқотлар ўтказиш соҳасида малакасини ошириш;
- «Зарур клиника амалиёти (GCP)» йўналишида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.
Дори воситаларининг клиник тадқиқотларини ривожлантириш марказида кўнгилли беморларда янги турда яратилган янги авлод дори воситаларининг клиник тадқиқотлари амалга оширилади.
Аввалроқ Корея Эскимбанки жамғармаси Фармацевтика техник университети учун Ўзбекистонга 87,7 миллион доллар қарз бериши маълум қилинганди.


