Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Termez Cargo Centre’га халқаро хаб мақоми берилди

Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22 июндан кучга кирди.

Termez Cargo Centre’га халқаро транспорт-логистика хаби мақоми берилди. Президентнинг «Гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хабини ташкил этиш чоралари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

БМТ, бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар томонидан Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдамнинг тизимли асосда, марказлаштирилган ва мақсадли етказилишини таъминлаш мақсадида Termez Cargo Centre МЧЖга Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби мақоми берилди.

Халқаро хабга қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • гуманитар ёрдам кўрсатиш мақсадида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар вакиллари учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
  • гуманитар ёрдамни қабул қилиш, сақлаш ва жўнатишни таъминлаш;
  • юклаш-тушириш ишлари, юкларни ташиш ва сақлашни ўз ичига олган комплекс транспорт-логистика хизматларини кўрсатиш, шунингдек, санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига риоя этиш.

Termez Cargo Centre МЧЖнинг Термиз халқаро савдо маркази иштирокчилари реестрига киритилганлигини ҳисобга олиб ҳамда Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги фармонига мувофиқ:

божхона, солиқ, сертификатлаштириш, фитосанитария, ветеринария, транспорт, банк хизматлари, валюта айирбошлаш хизматлари, шунингдек, тиббий ва меҳмонхона хизматлари, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва бошқа хизматлар «ягона дарча» тамойили бўйича йўлга қўйилади;

Афғонистон ва бошқа давлатларга гуманитар ёрдам сифатида юборилаётган товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтаётганда ушбу товарларнинг божхона расмийлаштируви устувор ва соддалаштирилган тартибда амалга оширилади.

Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22 июндан кучга кирди.