Ўзбекистонда шакарнинг биржадаги нархи яна пасайди. Бу ҳолат республика бўйлаб маҳсулот учун узун навбатлар пайдо бўлиши, савдо дўконларида шакар нарзи ошиши фонида юз бермоқда.
Қайд этилишича, 2022 йил 15 июнда товар-хом ашё биржасининг эрталабки савдо сессиясида ўтказилган биржа савдо натижаларига кўра шакарнинг нархи 14 июнга нисбатан яна 123,8 сўмга пасайиб, маҳсулотнинг бир килограмми учун 10 631,1 сўмни ташкил қилган.
Ушбу савдоларда шакар бўйича шаклланган минимал нарх маҳсулотнинг бир килограмми учун 9700 сўм атрофида қайд этилган.
Маълум қилинишича, 2022 йил 10-15 июнь савдо кунларида шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган ўртача кунлик нархи маҳсулотнинг бир килограмми учун жами 14 554,5 сўмдан 10 631,1 сўмгача, яъни 27 фоизга пасайган.
Таъкидланишича, 15 июнда биржанинг кечки савдо сессиясида сотувчи корхоналар томонидан 1000 тонна қўшимча шакар ҳажми биржа савдоларига қўйилиши кутилмоқда.
Маълумот учун, айни кунларда Ўзбекистонда ҳам шакарга узун навбатлар юзага келмоқда. Аҳолининг айрим вакиллари шакар нархи қимматлигидан шикоят қилмоқда.
Аввалроқ Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Ўзбекистон бозорларида шакар нархининг ошиши юзасидан тушунтириш берганди.
Шакар бўйича бундай ҳолат фақатгина Ўзбекистон ҳудудида кузатилмаяпти. Қозоғистонда ҳам шакар тақчиллиги туфайли Чимкентдаги «Рахат» заводи ишламаяпти, айрим ширинликлар ишлаб чиқариш тўхтатилган.


