Айрим маҳсулотларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш, экспорт қилиш тақиқланди. «Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга ва монополияга қарши чораларнинг таъсирчанлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2022 йил 1 июндан қуйидагиларни Ўзбекистондан ташқарига олиб чиқиш (экспорт қилиш) вақтинчалик тақиқланди:
- ўсимлик ёғи, шу жумладан пахта, кунгабоқар ёғи;
- кунгабоқар уруғлари ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва мевалари.
Шунингдек, 2022 йил 1 майдан 2023 йил 1 январгача бир қатор товарларни (жумладан, балиқ, янги ёки қуритилган цитрус мевалари (лимондан ташқари), маргарин ва бошқа) олиб киришда божхона божларининг ноль ставкалари белгиланди.
Қолаверса, 2023 йил 1 январгача давлат буюртмачилари томонидан давлат харидлари доирасида импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш бўйича чекловлар ҳамда Ўзбекистонга олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби вақтинчалик тўхтатилади.
Қайд этилишича, 2022 йил 1 августгача асосий озиқ-овқат маҳсулотларини қўшимча жамлаш ва очиқ бозорга интервенция қилиш механизми жорий қилинади.
Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси қарори билан мажбурий рақамли маркировкаланадиган маиший техника турлари белгиланганди.


