Бухоро шаҳрида 26 май куни Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш халқаро форуми бошланди. Бу ҳақда форумда иштирок этаётган Kommers.uz мухбири хабар берди.
Форумнинг очилиш қисмида дастлаб Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Равшан Ғуломов Шавкат Мирзиёевнинг тадбир иштирокчиларига мурожаатини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров сўзга чиқиб, ўз нутқини ўқиб эшиттирди.
«Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган мақсад, яъни камбағалликни 2026 йилга қадар 2 бараварга қисқартиришга эришишнинг асосий шарти бўлиб, барқарор юқори ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш ҳисобланади», — дейди Қўчқоров.
Қолаверса, Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ўз иштирокчилар ва форум ишига муваффақият тилади.
Шунингдек, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД) Бош котиб ўринбосари ва ёрдамчи маъмури Уша Рао-Монари видео орқали сўзлаган нутқлари эшиттирилди.
Форумда 250 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий экспертлар ва ҳалқаро ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда.


