Тошкент вилоятида йилига 40 минг комплект қуёш батареялари ишлаб чиқариладиган лойиҳа ишга тушмоқда. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йилда Renerca МЧЖ (Free volt) томонидан Нурафшон шаҳрида 34 миллиондан ортиқ сармоялар ҳисобига йилига 40 минг комплект қуёш батареяларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Маълумот учун, вилоятда ҳозирги кунда 75 та электротехника воситаларини ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд бўлиб, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 183 миллион долларни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабрь ойига қадар Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида қуввати 456,6 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станциясини ишга тушириш белгиланган.
Шунингдек, 2023 йил октябрь ойига қадар Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ҳамда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманларида қуввати 220 мегаватт бўлган 2 та қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади. Таъкидланишича, учала станцияни қуриш ишлари БААнинг Masdar компанияси томонидан олиб борилади.
Бундан ташқари, 2023 йилнинг ноябрь ойига қадар Навоий вилоятининг Нурота туманида Нидерландиянинг Phanes Energy Holding III B.V. компанияси томонидан қуввати 200 мегаватт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилади.


