Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Иқтисодиёт ва молия

«Катта еттилик» келишуви ҳамда Япониянинг рус нефти импортидан воз кечиши: Россияни нималар кутмоқда?

Токио «Сахалин-1» ва «Сахалин-2» нефть-газ лойиҳаларидаги улушларини сақлаб қолади.

Фото: AP

Япония Украинага қилинган ҳарбий ҳужум туфайли санкциялар доирасида Россиядан нефть импортини босқичма-босқич тўхтатади, дея маълум қилди Япония бош вазири Фумио Кисида G7 саммитида.

«Биз импортни аҳоли ҳаёти ва бизнесига салбий таъсирларни минималлаштирадиган тарзда босқичма-босқич тўхтатиш чораларини кўрамиз», — деди у.

Кишиданинг таъкидлашича, бу «қийин» қарор, чунки Япония учун энергия импорти аҳамиятли, аммо «ҳозирги пайтда G7 бирлиги [Россия нефть эмбаргоси ​​бўйича] жуда муҳим».

Шу билан бирга, бош вазирнинг айтишича, Токио «Сахалин-1» ва «Сахалин-2» нефть-газ лойиҳаларидаги улушларини сақлаб қолади.

Nikkei нашрининг ёзишича, Япония мамлакат энергия истеъмолининг қарийб 90 фоизини хориждан импорт қилади, Россия эса мамлакатга суюлтирилган газ етказиб бериш бўйича бешинчи ўринда туради.

«Сахалин-1»да Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги, Itochu ва Itochu савдо компаниялари, нефть қазиб олувчи Japan Petroleum Exploration Company (Japex) ва бошқалар иштирок этмоқда.

«Сахалин-2» акциядорлари орасида Япониянинг Mitsui ва Mitsubishi компаниялари бор, улар мос равишда 12,5 ва 10 фоиз улушга эга.

Иқтисодиёт вазири Коити Хагиуда аввалроқ Япония «Сахалин-2»даги ўрнини бошқа давлат эгаллашидан чўчиб, уни тарк этмаслигини айтганди. Bloomberg маълумотларига кўра, Хитой компаниялари Токио улушига қизиқиш билдирган.

«Катта еттилик» келишуви

АҚШ Оқ уйи «Катта еттилик»нинг барча давлатлари Россия нефти импортини босқичма-босқич тўхтатиш ва Россия бюджети даромадларини қисқартириш учун эмбарго жорий этишга келишиб олганини маълум қилди.

G7 қўшма баёнотида айтилишича, олиб чиқиш жараёни муқобил экспортчилардан мақбул нархларда етказиб бериш кафолати билан «ўз вақтида ва тартибли» амалга оширилади. Бунга, жумладан, қазиб олинадиган ёқилғига қарамликни камайтириш ва тоза энергияга ўтиш орқали эришиш режалаштирилган.

Шунингдек, 8 март куни Қўшма Штатлар Украина бўйича санкциялар доирасида Россиядан нефть ва бошқа энергетика маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлади. Буюк Британия ҳам худди шундай қадам ташлади.

Май ойи бошида Европа Иттифоқи томонидан Россияга қарши нефть эмбаргоси ​​жорий этилиши ҳақида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен эълон қилган эди. Унинг таъкидлашича, Европа давлатлари олти ой ичида хом нефть етказиб беришни тўхтатиш, 2022 йил охирига келиб эса Россиядан нефть маҳсулотларини сотиб олишни бутунлай тўхтатиш ниятида.

ЕИнинг Россияга қарши санкциялари ва АҚШ

Аввал хабар қилинганидек, дипломатлар Европа Иттифоқининг яқинлашиб келаётган санкциялари ҳақида Европа Комиссияси томонидан таклиф қилинган олтинчи чекловлар пакетини муҳокама қилмоқда.

Бу Россия нефтининг импортига босқичма-босқич эмбарго ва уни денгиз орқали ташиш учун суғурта ҳамда транспорт хизматларини тақиқлашни, Россиядан яна иккита банкни SWIFT молиявий маълумотларини узатиш тизимидан узишни ўз ичига олади.