Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Ўзбекистоннинг олтита вилоятида ташкил этиладиган интенсив боғ ва токзорлар тадбиркорларга лизингга берилади

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига йил якунига қадар 400 млн долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилди.

Фото: Sputnik

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигига лойиҳаларни ишга тушириб, лизинг асосида сотиш ваколати берилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Президент матбуот котибининг ёзишича, йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазирлигига йил якунига қадар 400 миллион долларлик лойиҳаларни бошлаш топширилган.

«Бугунги кунда 580 та янги лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, кредитлар қисқа муддатга берилиши боис уларни амалга ошириш кечикмоқда», — деб ёзади Асадов.

Шу муносабат билан вазирликка лойиҳаларни ишга тушириб, лизинг асосида сотиш ваколати берилади. Боғдорчилик агентлигига 1 майга қадар 20 миллион доллар, натижага қараб, йил якунига қадар яна 45 миллион доллар ажратилади.

Қайд этилишича, бунинг ҳисобига жорий йилда 6 та вилоятда 1,8 минг гектарда интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, тадбиркорларга камида 7 йил муддатга лизингга берилади. 1 майдан боғ ва токзорлар барпо этиш учун кредитлар тадбиркорларга камида 10 йил муддатга ажратилади.

Йил якунига қадар хусусий сектор билан бирга жами 115 минг тоннали 17 та кичик агрологистика марказини ишга туширилади. Улар «тайёр ҳолда» 5 йиллик имтиёзли давр билан камида 10 йилга лизинг асосида сотилади.

Аввалроқ Тошкентда интенсив боғ ва токзорлар лизинг асосида 7 йил муддатга аҳолига берилиши ҳақида хабар берилганди.