Ўзбекистонда икки ой муддатда янги музейлар ташкил этиш ва хусусий музейлар барпо қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилади. Шавкат Мирзиёев бу бўйича Туризм ва маданий мерос вазирлигига топшириқ берди.
Президент раислигидаги видеоселекторда айтилишича, бу мақсадларга 50 миллион доллар жалб қилинади.
Шунингдек, Туризм вазирлиги вилоят ҳокимлари билан бирга:
- 4,5 мингдан ортиқ археология ёдгорлигини очиқ осмон остидаги музейларга айлантириш;
- музейлардаги ноёб 2,5 минг экспонатни танлаб олиб, уларнинг нусхасини тайёрлаш ва сотишни йўлга қўйиш чораларини кўради.
Шу билан бирга, «Музейда тун» каби 187 та йирик маданий-кўнгилочар, концерт-томоша тадбирлари ва уста-ҳунармандларнинг маҳорат дарсини ўтказиш имкониятлари бор.
Бунинг учун, музейларни ҳар куни соат 22:00 гача ишлашига рухсат бериш кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда музейларнинг даромадли хизматлар кўрсатишига рухсат берилган эди.


