Асосий мазмунга ўтиш
11август · Сешанба USD 11 934,61 ▼ −0,2% EUR 13 788,05 ▲ +0,1% RUB 144,64 ▼ −0,4% Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Алишер Усмоновга алоқадор «Металлоинвест» Ўзбекистондан темир йўлда юк ташишни арзонлаштиришни сўради

Хабарга кўра, Ўзбекистон ҳукумати бу масалани кўриб чиқишга ваъда берган.

Миллиардер Алишер Усмоновнинг USM ҳолдингига тегишли «Металлоинвест» компанияси Ўзбекистондан темир йўлда юк ташишн тарифларини пасайтиришни сўради. Бу ҳақда компания раҳбари Нозим Эфендиев айтиб ўтди.

Эфендиев тарифларни «адолатли ва тенг бўлишига» чақирган. Хабарга кўра, Ўзбекистон ҳукумати бу масалани кўриб чиқишга ваъда берган.

«Металлоинвест» компанияси жорий йилда Тошкент металлургия комбинатига капитал киритди. Корхона Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқаришни бошқаради.

Эфендиевнинг айтишича, Ўзбекистон «катта салоҳиятга» эга, аммо «логистик муаммолар мавжуд» — мамлакат портлардан ва «кучли савдо бозорларидан» узоқда.

«Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида бир хил тариф йўқ: биз асосан Россия ҳудуди орқали арзон тариф билан юрамиз, Қозоғистонга келганимизда тариф кўтарилади, Ўзбекистонга келганимизда эса янада кўтарилади. Бу экспорт транзити эмас: бу ерга қайта ишлаш учун ярим тайёр маҳсулотни олиб келяпмиз», — деди у Россия Саноат ва савдо вазирлиги раҳбари Денис Мантуровга.

«Металлоинвест» раҳбари, 25 апрель куни «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти раҳбарлари билан учрашувда ушбу масалани муҳокама қилмоқчи экани таъкидланган.

«Мен россиялик ишлаб чиқарувчиларни бу ерга олиб келишга ундайдиган адолатли, бир хил тариф бўлишини истайман», — дея тушунтирди Нозим Эфендиев.

Қайд этилишича, Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов мамлакат расмийлари муаммони ўрганиб чиқишини маълум қилган.

«Биз буни ишлаб чиқамиз, ‘Ўзбекистон темир йўллари’ раҳбари албатта сиз билан боғланиб, ҳисобот беради», — дея ваъда берган Умурзоқов.

Аввалроқ «Металлоинвест» компанияси вакили Ғарб томонидан Алишер Усмоновга нисбатан қўлланган санкцияларни «асоссиз ва адолатсиз» деб атаганди.