Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Саудия шаҳзодалари даромадлари кескин пасайгани туфайли мулк ва яхталарни сотади

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг янги сиёсати туфайли шаҳзодаларнинг даромади тушиб кетди.

Фото: Бандар бин Султон

Саудия шаҳзодалари даромадлари пасайиб бораётган бир шароитда яхши турмуш тарзини сақлаб қолиш учун хориждаги мулк, яхта ва расмларни сотишни бошлади. Шаҳзодаларга яқин манбаларнинг The Wall Street Journal нашрига айтишича, қироллик оиласи аъзолари аллақачон 600 миллион доллардан ортиқ маблағни тасарруф этган.

Қайд этилишича, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг янги сиёсати туфайли шаҳзодаларнинг даромади тушиб кетган.

Отаси Салмон ибн Абдулазиз 2015 йилда тахтга ўтирганидан бери шаҳзода ўз қариндошларига бериладиган имтиёзларни кескин камайтирди, хорижга текин саёҳат қилишдан бош тортди, уларни энергия ва кўчмас мулк бўйича давлат томонидан фойдали битимлардан маҳрум қилди, ҳатто хизматкорларга ҳам солиқ жорий қилди.

Саудия Арабистони ғазнасига ҳар йили юзлаб миллион долларга тушадиган имтиёзлардан маҳрум бўлган шаҳзодалар ўз машина, яхта ва самолётлари учун тўловлар, солиқлар ҳамда тўхташ жойлари учун тўлов тўлашга пул йиғишга мажбур.

Нашр манбаларига кўра, улар ҳам валиаҳднинг эътиборини тортмаслик учун камтаринроқ яшашга ҳаракат қилади.

«Улар ишламайди, катта ходимлари бор ва [шаҳзодадан] қўрқади. Улар орқа чўнтакларида нақд пул бўлишни хоҳлайди, лекин кўринадиган бойликка эга бўлишни хоҳламайди», — деди нашр суҳбатдошларидан бири.

Саудия Арабистонининг АҚШдаги собиқ элчиси шаҳзода Бандар бин Султоннинг матбуот котиби унинг хориждаги барча активлари сотилганини тасдиқлади.

«Ибн Султон қиролликка сармоя киритишда валиаҳд шаҳзоданинг янги инвестиция имкониятларини яратишда қилаётган ажойиб ишлари билан катта аҳамиятга эга эканлигини кўрди», — деди матбуот котиби.

WSJ маълумотларига кўра, ҳозирда ўз активларини сотаётган қироллик оиласининг айрим аъзолари 2017 йилда валиаҳд шаҳзоданинг коррупцияга қарши кампанияси доирасида Ар-Риёддаги Ritz-Carlton меҳмонхонасида вақтинча ҳибсга олинган эди.

Кейинчалик Ибн Салмон бу 100 миллиард доллардан ортиқ маблағни хазинага қайтариш имконини берганини айтди. Масалан, шаҳзода Ал-Валид бин Талал «меҳмонхонадан озод этилиши» учун 6 миллиард доллар тўлаши керак эди.