Асосий мазмунга ўтиш
Жонли маълумот 26сентябр · Шанба
USD 11 825,40 ▼ −5,47 EUR 13 483,32 ▲ +32,80 RUB 140,34 ▲ +1,07 GBP 15 669,84 ▲ +25,88
Маълумот: Марказий банк
Бизнес

Европа Иттифоқи IT гигантларини дезинформация ва пропаганда учун жаримага тортади

Қоидабузарлар катта жаримага тортилади ва ҳатто уларнинг Европада бизнес юритиши тақиқланади.

Европа Иттифоқи қонун чиқарувчилари қарийб 16 соат давом этган музокаралардан сўнг тармоқдаги фойдаланувчиларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлашга қаратилган янги «Рақамли хизматлар тўғрисида»ги қонунни қабул қилшга келишиб олди. Бу ҳақда Financial Times хабар бермоқда.

Янги қоидаларга кўра, йирик IT корпорациялар энди вояга етмаганларга реклама кўрсата олмайди, шунингдек, фойдаланувчининг дини, жинси ёки жинсий афзалликлари каби шахсий маълумотлардан бошқа мақсадлар учун фойдалана олмайди.

Бундан ташқари, Интернет-платформалардан дезинформация ва ташвиқотга қарши курашиш ва бу ҳақда Европа регуляторларига мунтазам равишда ҳисобот бериш талаб этилади.

Шунингдек, компанияларга интерфейс элементлари орқали фойдаланувчи хатти-ҳаракатларини манипуляция қилиш, масалан, маълумотларни кузатиш учун розилик олиш тақиқланади. Амалга оширилган чора-тадбирлар IT гигантлари фаолиятини тартибга солувчи қонунларни йигирма йилдан ортиқ вақт ичида энг муҳим қайта кўриб чиқишдир.

«Платформалар контентни модератсия қилиш бўйича қарорлар қабул қилишда шаффоф бўлиши, хавфли нотўғри маълумотлар тарқалишининг олдини олиши ва хавфли маҳсулотларнинг бозорларда сотилишига йўл қўймаслиги керак.

Бугунги келишув билан биз платформалар ўз хизматлари жамият ва фуқаролар учун юзага келиши мумкин бўлган хавфлар учун жавобгар бўлишини таъминлаймиз», — деди ЕИнинг рақамли сиёсат бўйича ижрочи вице-президенти Маргрете Вестагер.

Европа Иттифоқининг ички бозор бўйича комиссари Тьерри Бретоннинг сўзларига кўра, қоидабузарлар катта жаримага тортилади ва ҳатто уларнинг Европада бизнес юритиши тақиқланади.

Комиссия «глобал айланманинг 6 фоизигача бўлган самарали ва тўхтатувчи санктсияларни қўллаши ёки ҳатто жиддий қоидабузарликлар такрорланган тақдирда Европа Иттифоқи ягона бозоридаги фаолиятни тақиқлаши мумкин».

Аввалроқ Европа Иттифоқининг янги қонуни WhatsApp, Facebook Messenger (Meta компаниясига тегишли) ва iMessage мессенжерларини ўзаро ҳамда бошқа кичикроқ платформалар билан ҳамкорлик қилишга мажбур қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Агар қонун қабул қилинса, Meta ва Apple ўз мессенжерларини ишлаб чиқувчилар илтимосига кўра бошқа кичикроқ хабар алмашиш платформалари билан «мослаштириши» керак бўлади.

Шунингдек, Иттифоқ WhatsApp’га мессенжернинг фойдаланиш шартларига киритган ўзгаришларига аниқлик киритиш ва уларни Европа Иттифоқининг фойдаланувчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилигига мувофиқлаштириш учун бир ой муддат берганди.