Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари 6 миллион 900 минг хонадонни тўрт тоифага ажратиб чиқди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Ҳоким ёрдамчилари уч ой давомида 35,3 миллион аҳоли яшайдиган 6 миллион 900 минг хонадонни тўлиқ хатловдан ўтказиб, уларни 4 та тоифага ажратгани таъкидланди.
Булар:
- 11 фоизи — кам даромадли;
- 47 фоизи — доимий даромади бўлгани билан қўшимча даромадга эҳтиёжи бор;
- 6 фоизи — ижтимоий ҳимояга муҳтож;
- 36 фоизи — иқтисодий аҳволи яхши, ўзига тўқ оилалар ҳисобланади.
Қайд этилишича, янги тизим орқали ҳар бир ҳоким, унинг иқтисод бўйича 1-ўринбосари ва ҳоким ёрдамчилари аҳолининг 64 фоизи билан манзилли ишлаш кераклигини билиб олган.
Бу борада, жойлардаги мутасадди раҳбарлар ва ҳоким ёрдамчилари биринчи ва иккинчи тоифадаги хонадонлар билан ишлаб, 3 ойда 736 минг нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаган ҳамда 54 минг нафар фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитган.


