Ўзбекистонда қорамол гўшти импорти қарийб 2 минг тонна ошди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонга 7 та давлатдан қиймати 26,5 миллион долларга тенг бўлган 5,9 минг тонна қорамол гўшти импорт қилинган.
Таъкидланишича, 2022 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистон энг кўп қорамол гўштини импорт қилган давлатлар қуйидагилар бўлиб, умумий қорамол гўшти импорти ҳажмининг 93 фоизи айнан улар ҳиссасига тўғри келган:
- Беларусь — 4 минг тонна;
- Қозоғистон — 1,2 минг тонна;
- Украина — 320 тонна.
Қорамол гўшти импорти 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда қарийб 2 минг тоннага ошган.
Аввлароқ Ўзбекистондаги 2021 йил энг кўп гўшт етиштирилган ҳудудлар рейтинги эълон қилинганди. Унда Қашқадарё вилояти — 310,8 минг тонна етиштирилган гўшт билан биринчи ўринни эгаллаганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1 январдан 2024 йил 1 январгача ҚҚС тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига — ўз хўжаликларида етиштирилиб, сотилган парранда гўштининг ҳар бир килограми учун субсидия миқдори 2500 сўм этиб белгиланган.


