Россия рестораторлари Ўзбекистоннинг сабзавот, мева, тўқимачилик ва вино ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёр. Бу ҳақда Россия рестораторлар ва меҳмонхона хўжаликлари федерацияси (ФРИО) президенти Игорь Бухаров маълум қилди.
Қайд этилишича, ФРИО раҳбари Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Ботиржон Асадов билан учрашган. Унда федерациянинг Россиядаги ресторан ва меҳмонхоналар учун Ўзбекистон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари билан ўзаро ҳамкорлиги муҳокама қилинган.
«Бизни сабзавот, мева, ёнғоқлар қизиқтиради. Ўзбекистонда бутун агросаноат кластерлари мавжуд. Енгил саноат кластерлари ҳам бор. Улар пахтадан чойшаб тайёрлайди, меҳмонхона ва ресторанлар учун тўқимачилик маҳсулотлари тикади. Уларнинг ўз вино заводлари ҳам бор. Бу маҳсулотни етказиб бериш бўйича ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», — деди Бухаров.
Унинг таъкидлашича, авваллари Ўзбекистондан маҳсулотлар асосан фақат бозорга етказилар эди, рестораторлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилмаганди.
«Биз май ойида етказиб берувчилар ва харидорлар иштирокида махсус тадбир ўтказилишига келишиб олдик. Биз у ерга рестораторларни таклиф қиламиз, шунда улар ҳамма нарсани синаб кўришии ва тўғридан-тўғри шартномалар тузиши мумкин бўлади», — дея қўшимча қилди федерация раҳбари.
Аввалроқ Ўзбекистон январь-февраль ойларида қанча мева-сабзавот экспорт қилгани маълум бўлганди.


