Ўзбекистон ахборот майдонига кундан кунга кўплаб интернет-нашрлар кириб келмоқда. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўзининг профессионал, тезкор ва холислиги билан мақтана олмайди. Яқиндагина 1 ёшни қарши олган Bugun.uz жамоаси эса қайсидир маънода ўзини кўрсата олди.
Kommers.uz мухбири Bugun.uz бош муҳаррири, журналист Ҳумоюн Маҳкамов билан нашр эришган ютуқлар, сайтнинг мақсадлари ва профессионал журналистика ҳақида суҳбатлашди.
Сиз эндигина бир ёшга тўлган, шунга қарамасдан ўзбек медиа майдонида етарлича ҳурмат қозонган Bugun.uz нашри юксалишига лойиҳа иш бошлаганидан бери ўз ҳиссангизни қўшиб келмоқдасиз.
Айтингчи, нашрнинг йўлга қўйилиш тарихи қандай бўлган. Ҳаммаси қандай бошланган?
Bugun.uz интернет-нашри 2021 йилнинг 7 февраль санасида ишга тушди. Жамоанинг асосини 20-25 ёшли журналистлар ташкил қилади. Дастлаб нашрда бош муҳаррир ўринбосари сифатида иш бошлаганман. Ва бу жараёнда вазифам янгиликлар бўлимини тўлиқ назорат қилишдан иборат эди.
Сайт ишга туширилиш тарихига келадиган бўлсак, «бугунчилар» бундан аввалги лойиҳада ҳам бирга ишлаган. Яъни жамоа Tez News нашрида йиғилиб, шу ерда онлайн журналистикага илк қадамларини қўйган. Бу жараёнда бизга бош муҳарримиз (ҳозирда Bugun.uz‘га эгалик қилувчи Media News компанияси раҳбари) Бекзод Нугманов соҳага оид барча кўникмаларни олишда ёрдамлашган. Шундан сўнг 2020 йил охири 2021 йил бошида янги нашр очиш ғояси пайдо бўлди. Аввал нашр учун Vaziyat.uz номи танланган. Аммо сўнггига Bugun.uz‘да тўхтаганмиз.

Ҳозирги кунда нашр бош муҳаррири вазифасида фаолият юритаман. Бу иш ўзига яраша масъулиятли ва мураккаб. Биринчи навбатда, сўнгги янгиликларни кузатиб бориш ва тезкор қарорлар чиқариш керак бўлади.
Ходимлар билан ишлаш кўникмаси ҳам асосий ўринда туради. Ҳар бир журналист, оператор, монтажчи ва мухбир билан алоҳида гаплашиш, эшитиш, топшириқ бериш ва назорат қилиш бир қатор қийинчиликларни келтириб чиқаради. Бунда асосан вақт муаммоси юзага келади. Аммо шундай бўлсада, жамоадаги ҳар бир ходим билан суҳбатлашиб, фикрларини тинглашга ҳаракат қиламиз.
Bugun.uz нисбатан оз муддат давомида давомида бунчалик катта аудитория йиғишга қандай эриша олди?
Нашр катта аудиторияга эга деб айтолмайман. Чунки миллий медиабозорда ижтимоий тармоқларда миллиондан ортиқ обуначи йиға олган сайтлар фаолият юритмоқда. Bugun.uz шу бозорнинг таркибий қисми сифатида майдонга кириб келди ва ўз аудиториясини йиға бошлади.
Қисқа фурсатда нисбатан кўп обуначи йиғишга сабаб хабар ва мақолаларни халқона тилда ёзишимиз деб биламан. Яъни ўқувчи ўзи тушунган, осон ҳазм қила олган янгиликларни ўқишни ёқтиради. Бизнинг таҳририят сиёсати ҳам айнан ўқувчига максимал осон тарзда етказишга қаратилган.
Ҳозирда Bugun.uz фаолиятини йўлга қўйган ижтимоий тармоқларда жами 170 минг обуначи мавжуд. Сайтга 1 ойда 1 миллиондан ортиқ фойдаланувчи ташриф буюради, кўришлар сони 2,5 миллиондан ошади.

Шу ўринда, яна бир жиҳатни айтган бўлардим. Сайтимизда таниқли журналист, филолог Эльдар Асанов раҳбарлигидаги колумнистлар жамоаси ишламоқда. Жамоанинг асосий вазифаси ўқувчи учун қизиқарли бўлган мавзуларда ҳажман ва мазмунан кенг қамровли мақолалар ёзишдан иборат. Колумнистлар жамоаси ҳозирга қадар «Bugun Science», «Bugun Cinema», «Шарқий Экспресс» ва «Bugun Oqshomi» каби туркум мақолалар ёзиб келмоқда.

Бундан ташқари, жамоатчилик эътибор марказида бўлиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган янгиликлар тўғрисида жамланма материаллар ҳам тайёрлайди. Бу ўқувчида мавзу нимадан бошланиб, қандай ривожлангани ва қай тарзда якунлангани тўғрисида муайян тасаввур ҳосил қилади, деб ўйлайман.
Ҳозирги кунда дунё бўйлаб айрим шахсларнинг манфаатларига хизмат қиладиган нашрлар жуда кўп. Сизнингча Bugun.uz қанчалик холис иш юрита олмоқда?
Оммавий ахборот воситаси доим бирор шахс ёки компания олдида манфаатдор бўлади, деган тушунча ётади. Бу қайсидир маънода тўғри. Сабаби ОАВ фақатгина журналистлар билан фаолият юритолмайди. Унинг учун инвестор, реклама майдони ва ўқувчилар керак. Шу томондан олиб қаралса, нашр доим ташқи таъсир остида бўлади.
Аммо Bugun.uz лойиҳаси якка шахс (инвестор) ёки компания (интесторлар жамоаси) манфаатлари учун хизмат қилмайди. Нашрнинг позицияси холис ва текширилган ахборотни тинимсиз тарзда ўқувчига етказишдан иборат. Шу кунгача сайт буюртма мақолалар, бирор ташкилот ё шахсни «уриб» ёки мақтаб чиқувчи лавҳалар тайёрламади.
Шу савол якунида айтиб ўтишим керак, холислик борасида нашр бош муҳаррири эмас, нашрнинг ўқувчилари баҳо берса, тўғрироқ бўларди.
Сизнинг наздингизда профессионал интернет-нашр қандай бўлиши керак ва Bugun.uz‘да бунинг учун имконият қай даражада?
Фикримча, профессионал нашр фаолияти учун интернетнинг барча платформаларида фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Яъни сайт ўқувчи-томошабинлари уни қайси ижтимоий тармоқдан кузатишни ўзига қулай деб билса, айнан ўша платформада уни кузатишда давом этади. Аммо платформа фаолиятида ички ёки ташқи таъсир туфайли узилишлар кузатилса, сайт шу ердаги обуначиларини йўқотади.
Иккинчидан, интернет нашр фаолиятининг тинимсизлигини таъминловчи яна бир жиҳат бор. Бу — интернет тезлиги масаласи. Тўғри, Тошкент шаҳрида интернетга уланиш, ахборот олиш ва узатиш бирмунча осон. Аммо вилоятлардан хабар ва видеоларни қабул қилишда одатда интернет муаммосига дуч келамиз. Чекка ҳудудларда алоқа сифати яхши эмас, ёки бор, аммо тариф жуда қиммат.

Шунингдек, ўқувчининг эътибори масаласи ҳам асосий ўринда туради. Ҳозирда интернет фойдаланувчилари вақтини 70/30 нисбатида сарфлайди. Яъни янгилик (қисқа хабар) кўпроқ, мақола (таҳлилий катта материал) камроқ ўқувчини жалб қилади. Худди шундай, аудио-видео форматларда ҳам қисқалик муҳим ўрин тутяпти.
Шундан келиб чиқиб Bugun.uz фаолияти тезкор янгиликларни қисқа бериб боришга қаратилди. Янгиликларнинг ўзи жамият, сиёсат, иқтисод, илм-фан, жаҳон ва спорт каби бўлимларга бўлинган. Бундан ташқари, 30 фоиз ўқувчи ёки ўқувчининг 30 фоиз вақтини жалб қилиш учун таҳлилий мақолалар бериб боришга қарор қилинди. Ва юқорида айтганимдек, бунда Асанов жамоаси сайтга жалб қилинди.
Ўқувчилар оммавий ахборот воситаларининг холислиги ва очиқлигини қадрлайди, шунинг учун биз нашр этилган мақолаларда йўл қўйилган хатоларни кўрсатиши учун шарҳлар бўлими очиб қўйдик.
Bugun.uz эришган энг катта ютуқ сифатида нималарни ажратиб кўрсата оласиз?
Bugun.uz‘нинг энг катта ютуғи — обуначилари. ОАВ учун энг муҳими доимий кузатувчилари бўлиши. Агар ёзганларимизни ўқиб, бунга муносабат билдирувчи аудитория бўлмаса, барчаси бекор. Хўш, аудитория қаердан тўпланади? Албатта, ижтимоий тармоқлардан. Нашр ташкил этилгандан бери бир нечта тармоқда каналлар очиб, мақсадли аудитория йиғишга интилдик. Бунинг ортидан озми-кўпми обуначи тўпланди. Бу пайтда ижтимоий тармоқлар йўналиши ва аудиториянинг мақсадини ўрганиб, айнан шу «жамоа»га мосланган хабарлар беришга ҳаракат қилиб келяпмиз.
Бундан ташқари, нашр ташкил этилгандан бери бир нечта лойиҳаларни медиабозорга олиб кириб, татбиқ қилолди. Хусусан, «Bugun LIVE» канали бошдан бери биз билан бирга. Ўзбек медиасига лайв (тезкор хабарлар) форматини олиб киролдик десам, хато бўлмайди. Канал 24/7 режимида тўхтовсиз энг тезкор хабарларни қисқа форматда ўқувчига етказиб боради. Ҳозирда каналда 30 мингдан ортиқ обуначи мавжуд.

Шунингдек, «Bugun Oqshomi» номи билан кунлик хабарлар дайжестини бериб борамиз. Бунда бир кунда берилган энг сара хабарлар жамланмаси тақдим этилади. Ушбу дайжест учун алоҳида канал ҳам очилган ва унда бир кунда бир марта битта пост жойланади. Вақтини тежайдиган ва кўп хабар ўқишга эринадиган ўқувчилар учун бу канал жуда қулай, деб биламан. Бундан ташқари, таниқли карикатурачи Ҳабибулло Мўйдинов ушбу дайжест учун ҳар куни карикатура тайёрлайди. Унинг суратлари ўқувчилар орасида кенг муҳокама қилинади.
Йил давомида бир нечта видеолойиҳалар ҳам тайёрлаб, эфирга бердик. Рухсора Машарипова иштирокида «Тушунтирамиз» номли туркум видеолар ҳар ҳафта эълон қилиб борилади. Бу видеоларда асосан жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилинган масалалар оддий тилда «Ўзи нима гап?» услубида тушунтириб берилади.

Бундан ташқари, «Бугун ҳафта ичида» лойиҳамиз ҳам мавжуд. Унда ҳафтанинг энг муҳим хабарлари жамланиб, бир дайжестга жойланади ва видео форматида берилади. Ҳозиргача ҳафталик дайжестнинг 10 га яқин сони эфирга берилди.
Bugun.uz жамоаси 2021 йилнинг 28 июнь куни «Таҳсин» мукофотига сазовор бўлган. Мукофот ташкилот ёшлар марказий энгаши томонидан 2019 йилда таъсис этилган. У Ўзбекистонда йил давомида ўз соҳасидаги меҳнати, ютуғи ва фойдаси юқори баҳоланган ва таҳсинга сазовор бўлганларга берилади.

Нашрнинг ўз олдига қўйган мақсадлари нималардан иборат?
Bugun.uz ўз олдига катта мақсадлар қўйган. Биринчидан, жамиятда ўз сўзи ва ўрнига эга бўлган ОАВ бўла олиш. Тушунамиз, бу жуда қийин ва мураккаб йўл. Аммо жамоадигаларнинг шижоати ва ўқувчилар ишончи бу йўлдан қайтмасдан, доим олға боришга ундайди.
Иккинчидан, нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ мамлакатлари миқёсида тан олинган ва ўқувчиларига эга нашрга айланиш. Яъни катта ва турли тилли ўқувчилардан иборат аудитория йиғиш мақсадидамиз. Бу режа бир ёки икки йил ичида амалга ошмаслиги табиий. Аммо шу даражага чиқиш учун ишлаб чиқилган «йўл харитаси» бор ва биз шу йўлдан кетяпмиз.
Ғарб медиасида нашрлар ўқувчи таассуротини яхшилаш ва ўзида ушлаб қолишга ҳаракат қилаётган бир пайтда биздаги ОАВ янгилик матнининг имловий хатоларсиз бўлиши, кунлик лентанинг хабарлар билан тўла бўлишига эътибор қаратмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Bugun.uz‘нинг мақсади янгиликлар журналистикасида том маънода янгилик ярата олиш ва журналистиканинг янги тенденциялари ва ўз ғояларини бозорга татбиқ этишдан иборат.


